Россия 2017 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши қўйган чекловларга қарамай Шимолий Кореяга тўғридан тўғри нефть етказиб бермоқда. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Британиянинг Royal United Services Institute (RUSI) таҳлилий марказининг маълумотларига кўра, биргина 7 мартдан бери Шимолий Кореянинг камида бешта танкери Владивосток яқинидаги Восточний портидан нефть маҳсулотларини олиш учун жўнаб кетган. Бу Россиядан КХДРга тўғридан тўғри денгиз орқали нефть етказиб бериш бўйича биринчи ҳужжатлаштирилган жўнатма. 2017 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши Москва розилиги билан Пхеньяннинг ядровий қурол синовларига жавобан уларни тақиқлаган эди.
Бу нефть жўнатмалари ҳозир қулаш ёқасида турган санкция режимига тўлиқ миқёсли ҳужумни ифодалайди, — деди Шимолий Кореяга қарши санкцияларни кузатувчи БМТ гуруҳининг собиқ координатори Хью Гриффитс.
RUSI тадқиқотчиси Жозеф Бирннинг таъкидлашича, “Восточний” портидаги баъзи кемалар ҳам БМТнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Унинг сўзларига кўра, бу уларнинг нефть етказиб бериш у ёқда турсин, хориж портларига умуман киришига йўл қўймаслик кераклигини англатади.
Изоҳ (0)