Францияда гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича “ХXL операцияси” ўтказилмоқда, дея Euronews хабар берди.
Рейдлар бир ҳафта олдин Марселда бошланган эди. Француз полицияси 25 март куни текширувни Лилль, Лион Дижон ва пойтахт минтақасида ҳамда бир нечта шаҳарларда амалга оширган.
Ҳафта бошидан буён 190 дан ортиқ гумондорлар ҳибсга олинди. Биз 25 килограмм каннабис ва бир килограммдан ортиқ кокаинни мусодара қилдик. Бу бутун бўлим учун жуда муҳим натижадир, — дейди полиция префекти Пьер Эдуард Коллиер.
Тинтув чоғида нафақат гиёҳванд моддалар, балки қурол-яроғлар, катта миқдордаги нақд пуллар ва банк чеклари ҳам топилган. Ҳар куни 1000 нафаргача ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари — жандармлар, милиция ходимлари ва божхона ходимлари рейдларга жалб этилади.
Президент Эммануэль Макрон наркотик моддалар савдосига қарши кураш ва тартибни тиклаш бўйича мисли кўрилмаган операцияни эълон қилиб, унга “Ҳудудни тозалаш ХXL” номини берган.
Франция Ички ишлар вазири Жеральд Дарманинга кўра, рейд бир неча ой давомида тайёрланган. У яқин кунлар ва ҳафталарда гиёҳванд моддалар жиноятига кучли зарба бериш учун рейдлар сони ортишини қўшимча қилган.
Марселдаги ҳудуд ва тарқатиш пунктларини назорат қилиш учун наркотик картеллари ўртасидаги уруш ўтган йили жиддий зўравонлик авж олишига сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида 49 киши қурбон бўлган, 120 дан ортиқ киши жароҳатланган эди.
Изоҳ (0)