Ливияда топилган оммавий қабрдан 65 нафар муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти берган баёнотга асосланиб, BBC нашри хабар берди.
Халқаро миграция ташкилоти маълум қилишича, жасадларнинг қай тарзда вафот этгани ва миллати ҳозирча номаълум. Муҳожирлар Ўрта Ер денгизига етиш учун чўлни кесиб ўтаётганда ҳалок бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Оммавий қабр Ливиянинг жануби-ғарбий қисмидан топилган. Ҳозирда бу ҳудудда ички ишлар бўлимлари суриштирув олиб бормоқда.
Аввалроқ, Ливия қирғоқларидан йўлга чиққан 60 нафар муҳожирдан иборат қайиқ Италия яқинида чўкиб кетгани маълум қилинган эди. Воқеа оқибатида муҳожирларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Халқаро миграция ташкилоти берган маълумотларга кўра, 2023 йилда Ўрта Ер денгизи сувларида камида 8565 нафар Шимолий Африка мамлакатлари фуқаролари ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич сўнгги 10 йилликдаги энг қайғули статистика деб эълон қилинган эди.
Изоҳ (0)