Молдова ҳукумати Днестрбўйи ҳудудида фаолият юритаётган рус дипломатини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, россиялик дипломатнинг чиқариб юборилишига сабаб Днестрбўйи ҳудудидаги сўнгги воқеалардир. 15-17 март кунлари Россияда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши муносабати билан расман Молдова таркибига кирувчи автоном Днестрбўйи Молдова Республикаси ҳудудида ҳам сайлов участкалари очилган. Рус дипломатлари ва вакиллари сайлов тарғиботи уюштиришга уринган.
Россиядаги сайловлар олдидан расмий ҳукумат мамлакатга қўшилган Украина шарқидаги вилоятлар, шунингдек, Молдова шарқидаги Днестрбўйи ҳудудида ҳам сайлов участкалари очилишини маълум қилган эди. Кишинёвдаги ҳукумат бу баёнотни Молдова суверенитетига ҳурматсизлик деб баҳолаган.
Аҳолисининг асосий қисми рус бўлган, Россия жамиятига интилиб яшайдиган Днестрбўйи Молдова республикаси Совет Иттифоқи парчаланишидан кўп ўтмай Кишинёвдан мустақиллигини эълон қилган. Молдова амалдаги ҳукуматининг ҳудудни Кишинёв таъсирига қайтаришга уринишлари Москванинг аралашувини келтириб чиқарди. Ҳозирда ҳудуддаги Россия кучлари ўзини мустақил деб эълон қилган ҳукуматнинг асосий таянчи ҳисобланади.
Изоҳ (0)