Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари БААнинг Шаржа аэропортида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир жароҳат олган фуқаро ҳолидан хабар олди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, дипломатлар фуқаро С.Ш. ҳолидан хабар олиш учун “Ал Қассими” касалхонасига ташриф буюриб, консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўналишида бир қатор масалалар, жумладан, тиббий муолажа харажатларини маҳаллий ташкилотлар томондан қопланишига эришган.
1955 йилда туғилган С.Ш. амалга оширилган консуллик-ҳуқуқий тадбирлар натижасида Ўзбекистонга қайтарилган. Фуқаро ва унинг ҳамроҳи Uzbekistan Airways компанияси томонидан бепул тақдим қилинган авиачипта билан Ўзбекистонга қайтиб кетган.
Шунингдек, С.Ш. касалхонада даволаниши мобайнида унинг БААда бўлиб турган қариндошларига Шаржа халқаро аэропорти томонидан бепул меҳмонхона тақдим этилган.
Бундан олдин Россияга ишлаш учун бориб, вафот этган аёлнинг 9 ёшли қизи Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Мисрда автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати олган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилган, Россияда эри қамалиб, чақалоғи билан қийин аҳволда қолган аёлга ёрдам кўрсатилган эди.
Изоҳ (0)