Фарғона вилояти Бешариқ туманида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов “Дарё”га маълум қилди.
Қайд этилишича, 1 март куни Бешарик тумани Ободон кўчасида яшаган 1973 йилда туғилган эркак ва унинг икки нафар (12 ёшли қизи ва 11 ёшли ўғли) фарзанди яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган.
“Кўздан кечириш давомида марҳумлар истиқомат қилган хонадонда ностандарт қўлбола иситиш печидан фойдаланилгани аниқланган”, — дейилади хабарда.
Ҳозирда марҳумларнинг ўлими бўйича суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил октябрь ойида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги хонадонларнинг бирида уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этганди. Февраль охирида эса Сурхондарёнинг Бойсун туманида бир оиланинг 5 нафар аъзоси ис газидан вафот этгани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)