Наманганда эр-хотин ва уларнинг икки қизи ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Ҳодиса жорий йил 16 декабрга ўтар кечаси Янги Наманган тумани, “Беруний” маҳалласида рўй берган. 1975 ва 1982 йилларда туғилган эр-хотин ҳамда уларнинг 2004 ва 2009 йилларда туғилган икки қизи хонадон ошхонасидаги газ плита орқали резина шланг уланган печкадан табиий газ иси чиқиши оқибатида заҳарланиб, вафот этган.
Дастлабки маълумотда ушбу оила аъзоларининг ўлими ис газидан организмнинг умумий заҳарланиши оқибатида юзага келганлиги кўрсатилган.
Уларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий ва бошқа турдаги тегишли экспертизалар тайинланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)