Самарқандда ҳужжатсиз сотилаётган 103 млн сўмлик алкогол маҳсулотлари олиб қўйилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. “А.ҳ.” МЧЖ дўкони сотувчиси Х.Д. 31 хил турдаги ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий баҳоси 103,0 миллион сўмлик жами 2 731 дона алкогол маҳсулотларини сотувга қўйгани аниқланиб, ушбу алкогол маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Қ.И. ва С.С. қалбаки акциз маркали “Янги-Шаҳрисабз”, “Не водка” ва “Водка Exclusive” номли жами 696 дона алкогол маҳсулотларини фуқаро М.О.га сотиш мақсадида олиб келган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)