Тошкент вилоятида акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Чиноз туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда якка тартибдаги тадбиркор А.Т. “Чорвадор” МФЙда жойлашган савдо дўконида ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 20 қути Esse Change, Parlament номли хорижда ишлаб чиқарилган акциз маркасиз тамаки маҳсулотини фуқаро У.Б.га сотган вақтида ушланиб, ушбу дўконидан яна 22 хил турдаги жами 7077 қути муддати ўтган акциз маркали тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)