Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИББ ходимлари ҳамкорлигида Аҳмад Югнакий кўчасида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро О.Ф. ва “Г.Г.” МЧЖ масъул шахслари дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаб, ушбу МЧЖга тегишли жами 26 минг дона “Натрий хлорид” номли дори воситасини фуқаро А.Р.га 195 миллион сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйда қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқлангани, Тошкентдаги дорихоналарда қалбаки дори сотилаётгани маълум бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)