Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 36 миллион сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Зангиота туман бўлими томонидан солиқ инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Фуқаролар Т.Б. ва С.С. ноқонуний даромад орттириш мақсадида ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 3 хил турдаги 2 200 қути Eссе changе, “Oris” ва “Milano” номли акциз маркасиз тамаки маҳсулотини фуқаро Қ.Д.га 36,7 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, уларнинг ёнидан жами 5 190 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)