Польша фермерлари қишлоқ хўжалиги вазири Чеслав Секерски билан учрашувда Украина билан чегарани вақтинча ёпишни талаб қилди. Бунга сабаб сифатида улар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари назоратсиз равишда мамлакатга кириб келаётганини кўрсатишган.
“Менинг чақириғим шу: келинг, чегарани икки-уч ойга ёпайлик, Европага Украинадан импорт қилишни тўхтатайлик, акс ҳолда бутун Европада ортиқча дон маҳсулотлари кўпайиб кетиши мумкин”, — деди фермерлардан бири Станислав Барна.
Секерски Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кириб келиши билан боғлиқ муаммога бошқа ечимларни топишни таклиф қилди ва “чегаралари бутунлай ёпиқ бўлган мамлакатлар йўқлигини” таъкидлади. Сиёсатчи, шунингдек, фермерларнинг Украинадаги маҳсулот экспортидан тушадиган даромаднинг кўп қисми “мафия тузилмалари” қўлига ўтиши ҳақидаги фикрларига ҳам қўшилди.
9 февраль куни полшалик фермерлар кенг кўламли норозилик намойишлари ташкил қилиб, Украина билан чегарадаги ўтиш жойларини блокировка қилишни бошладилар.
Фермерлар Украинадан арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини чеклашни ёки бутунлай тақиқлашни, миллий чорвачиликни қўллаб-қувватлашни кучайтиришни, шунингдек, Европа Иттифоқининг 2050 йилгача углерод чиқиндиларини нолга тенглаштиришни кўзда тутувчи “Яшил келишув” стратегиясига қўшилмасликни талаб қилмоқда.
20 февраль куни намойишчилар Украина билан чегарадаги барча ўтиш жойларини тўсиб қўймоқчи.
Изоҳ (0)