2024 йил 1 июлдан маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзлар бўйича Ягона реестр юритилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш тўғрисида”ги қарори билан белгилаб қўйилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан эътиборан, маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг турлари, муддатлари, тартиби ва масъул органларни ўз ичига олган Ягона реестр юритилади.
Қарор билан, шунингдек:
- маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг ягона реестрини шакллантириш схемаси;
- маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг долзарблигини кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби;
- маҳаллий ва хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ягона реестрни юритиш бўйича оператор бўлиб, Ягона реестрнинг юритилишини услубий таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Икки ой муддатда маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган барча соҳалардаги преференциялар ва имтиёзлар рўйхати тўлиқ шакллантирилади. 2024 йил 1 июлдан бошлаб, Ягона реестр Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий веб-сайтида алоҳида бўлим сифатида преференциялар ва имтиёзларни соҳалар ва йўналишлар бўйича излаш ва кўриш имкониятини берувчи электрон шаклда юритилиши йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)