Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати раҳбариятидан иборат делегация Қоҳирага етиб келди. Бу ҳақида “ТАСС” хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, музокараларнинг навбатдаги босқичи Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликлар билан гаровга олинганларни алмашиш бўйича бўлиб ўтади.
“ҲАМАС делегацияси пайшанба куни эрталаб Миср пойтахтига ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни якунлаш учун етиб келди”, — дейилади ҳаракатнинг Telegram каналида эълон қилинган хабарда.
Аввалроқ ҲАМАС ҳаракати АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида ишлаб чиқилган Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича 3 босқичли Париж режасини қўллаб-қувватлаши хабар қилинганди.
ҲАМАС бу режага “ижобий руҳда” муносабат билдириб, анклавда тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, асирлар ва вафот этганларнинг жасадларини алмашиш ва Ғазо секторини тиклашни маъқуллаган.
Изоҳ (0)