Тошкентда “севган” қизидан товламачилик орқали пул ундириб келган йигит жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қизнинг сўзларига кўра, йигит бошида яхши кўраман дея уни ишонтирган. Кейинчалик қизнинг яланғоч видеоларини сўраган, ташлаб бергач эса уни қўрқитишни бошлаган. “Севишганлар” уришиб қолгач, йигит телефонидаги яланғоч видеоларни тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган. Бу иш қўлидан келишини исботлаш мақсадида қизнинг яқинларига видеоларни ҳам ташлаб берган.
“Биринчи 2 миллион, кейин 4 миллион, икки марта 1 миллион сўмдан берганман”, — дейди жабрланувчи.
Судланувчининг айтишича, у қиздан 8 миллион сўм талаб қилган ва пулларнинг барчасини олган. Йигит умумий ҳисобда 20 миллион сўм харажат қилганини билдирган.
Бир неча марта пул берган қиз, бошқа пул топа олмагач йигит устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 165-модда (товламачилик) 2-қисми, 141-3-модда (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) 1-қисми билан айбдор деб топилди ва 5 йил-у 3 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ўзгаларнинг шахсий маълумотларини тарқатиш орқали пул ундириш ҳолатлари
- Июль охирларида Бухоро шаҳрида эркак билан ишқий муносабатда бўлиб, уни турмуш ўртоғига ошкор қилмаслик эвазига телефон талаб қилган қиз қўлга олинганди.
- Май ойида Тошкентда аёлнинг фото-видеоларини эри ва қайнотасига кўрсатишини айтиб, ундан пул талаб қилган эркак ушлангани,
- Тошкент вилоятида 19 ёшли қизнинг суратларини тарқатиш билан таҳдид қилган йигит қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)