Отабек Муҳаммадзоҳид машҳур турк хонандаси Иброҳим Татлисас назарига тушган биринчи ўзбек хонандаси ҳисобланади. Аммо ижодда у қадар фаол эмас, саҳна сари интилмайдиган хонандалар тоифасига киради. Хўш, унинг муваффақият сири нимада? Нега у бошқа ижодкорлар сингари пойтахтга интилмайди?
“Болаликда оила бошига айланганман”
Отабек Муҳаммадзоҳид 1974 йилнинг 24 январь куни Фарғона вилоятида ҳофиз Мамадали Мамазоитов хонадонида дунёга келган. Болаликдан унинг санъаткор бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмасди. Чунки санъат унинг қонида бор. Отаси ўз даврида водийнинг машҳур ҳофизи бўлган бўлса, онаси санъатни тушунадиган маданият ходими бўлиб ишларди. Хонанда оилада тўнғич фарзанд, унинг Гўзалхон ва Гулсанам исмли сингиллари бор.
— Санъатга қачон кириб келганимни эслай олмайман. Чунки мактабга чиқмасимдан аввал мусиқа асбобларини чалишни билардим. Онамнинг айтишича, 4 ёшимдан аккордион ва доира чалишни ўрганган эканман. Болаликда эрка ўғил фарзанд бўлганман. Чунки онам хонадонида ҳам, отамнинг уйида ҳам эрка бош ўғил набира эдим. Аммо ҳаётда кутилмаган воқеалар кўп бўларкан. Эрка ўғил бўлиб улғайдим-у, бирдан ҳаммаси ўзгариб ҳаёт “ҳамма эркаликларингни йиғиб сандиққа солиб қўй, энди оила боши бўлдинг”, деди.
Мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиганман, то уни тамомлагунча синф сардори бўлганман. Оила боши бўлгандан кейин масъулиятни ҳис қилар экан одам. Онам маданият уйида раҳбар бўлган, сингилларимга ўзим бош бўлиб ўқишига масъул эдим. Гулсанам ҳам ҳалигача “Санъатга қизиқишимга сиз сабабчи бўлгансиз”, дейди. Чунки синглимни ўзини ёлғиз уйда қолдирмаслик учун мусиқа мактабига ўзим билан олиб кетардим ва орқа партада ўтириб дарсни эшитарди, — дейди Отабек Муҳаммадзоҳид.
“Тўрт йил кўзимга бир нималар кўринди”
Етти ёшида хонанданинг ҳаётида ғалати воқеа содир бўлади. Унинг таъсири ҳалигача сезилиши ва уни шифокорлар ҳам даволай олмаганини айтиб ўтди.
— Кўзингизни тез-тез юмасиз, асабиймисиз, деб кўп сўрашади. Аслида бу ҳолат болаликдан одат бўлиб қолган. Онам асли Андижоннинг Булоқбоши туманидан Фарғонага келин бўлиб тушган. Ёзда холамнинг уйига тез-тез борардик. Уларнинг уйига яқин ерда қумлоқ ер бор эди. Одамлар у ернинг қумидан девор сувашда фойдаланарди. Бир куни айни пешин вақтида мендан 3-4 ёш катта холамнинг ўғли ва ўртоғи қум олиб келишга кетаётган экан. Уларга қўшилиб мен ҳам қумлоққа бордим. Кўзимга иккита айиқ болалари кўринди, улар бир-бири билан ўйнарди. “Муқим ака, айиқ болаларини қаранг, ўйнашяпти”, дедим. Улар кулишди ва уйга қайтдик. Кечга бориб бирдан тобим қочди, иситмалаб кўзимга ҳар хил нарсалар кўрина бошлади. Туни билан ухлолмасдим, кўзимга кўринганлари жуда қўрқинчли эди. Онам эрта тонгда муллага олиб бориб, дам солдириб қўйса бир оз енгиллардим. Онам шифокорларга олиб борганида “Бу касаллик эмас”, дейишган. Бу ҳолат тўрт йил давом этди. Ундан кейин аҳволим яхшиланди, аммо кўзимни тез-тез пирпиратишим “эсдалик” бўлиб қолди, — дейди Отабек Муҳаммадзоҳид.
“Уйда туғилган эканман”
Отабек Муҳаммадзоҳид 1994 йилдан буён профессионал хонанда сифатида фаолият юритади. Шу кунгача унга Тошкентда ижод қилиш билан боғлиқ таклифлар жуда кўп бўлган. Хонанда ҳар гал Фарғонани ташлаб кетолмаслигини айтади.
— Фарғонадаги туғилиб ўсган уйимни яхши кўраман. Ҳатто, туғуруқхонага ҳам боришни истамай уйда туғилган эканман (кулиб). Ҳақиқатан ҳам шундай, онамнинг кўзи уйда ёриган, шунинг учунми Фарғонага меҳрим бўлакча. 1994 йили Туркияда ўқишни тамомлаб Ўзбекистонга қайтганимда, ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар жуда кўп бўлган. Тошкентда ижод қилиш яхши, танилиш осон, катта саҳналарга ҳам имконият кўпроқ дейишади. Аммо ижоддан ташқари, ёлғиз ўғил фарзандликнинг ҳам масъулияти бор. Онамнинг ёши катта, унинг таниш-билишлари, яқинларининг бари Фарғонада яшайди. Уни яқинларидан ажратиб Тошкентга олиб келишни истамайман, — дейди хонанда.
Ярим-яланғоч раққосалар билан боғлиқ можаро
Бир неча йил аввал Отабек Муҳаммадзоҳид раққосалар сабаб тўйхонада қўшиқ айтишни истамагани ва ундан тўй эгалари ранжигани ҳақидаги хабар ОАВда тарқалганди.
— Фарғонада иккита тўйда жуда қаттиқ асабим бузилди. Фарғонада тўйга борсак, хонанда ака-укаларимиз, куттирмасдан дарров навбат беради. Бир тўйда 5-10 дақиқа чой ичиб ўтиргим келди. Шу жойда бир рақс гуруҳига навбат беришди. Раққосалар арабча, ярим-яланғоч кийимларда Лазгига рақсга тушиб кетди. Рақс тугаши билан, ҳеч ким эълон қилишини ҳам кутмай, микрофонни шартта олдимда: “Ким чақирди буларни, қани бу гуруҳнинг раҳбари?”, дедим.
Гуруҳ раҳбари ёшгина бир қиз экан. Ўтирганларга қараб: “Сизларга ҳам ҳайронман, ким сизларни ўзбек дейди? Ҳозир шу ярим-яланғочларга қарсак чалдиларинг-а? Буларни нимасига қарсак чалдингиз?! Ярим-яланғоч кийимда Лазгига рақсга тушишга ким рухсат берган?!”, — дея, гапирадиган гапимни гапириб, “Бунақа тўйда қўшиқ айтмайман”, деб чиқиб кетдим.
Яна бир тўйда худди шунинг давоми бўлди. Кўплаб аёллар, ҳожи оналар ўтирган тўйда қўшиқ айтаёцам, ярим-яланғоч тўрт қиз “Тезроқ тугатинг, биз рақсга тушишимиз керак”, деган маънода олдимга туриб олди. “Ўтир!”, — дедим уларга. Кайфиятим тушиб кетиб, “Буларни ким чақирган? Мен эркак бўлиб буларга қарашга уяляпман. Кимга керак шунақа нарсалар? Бу ҳаёсизлик ўзбекчилигимизга ярашадими?”, деб ўша даврадан ҳам чиқиб кетдим, — дейди хонанда.
“Синглимни қўллаш акалик қарзим эди”
Кўпчилик Отабек Муҳаммадзоҳид ўзидан кўра кўпроқ синглисининг ижодига вақт сарфлагани ва уни машҳурлиги учун интилгани ҳақида гапиради. Хўш, хонанда бу фикрга қандай муносабат билдиради?
— Тан олиш керак, Гулсанамнинг овоз имкониятлари меникига нисбатан кенг. Масалан, “Мени унут” қўшиғини 1995 йили ижро этганман. Аммо ўзим истагандек чиқмагани учун у қадар оммалашмаган. Қўшиқнинг ўзига хос нолалари бор, уни синглим маромига етказиб айтган.
Ижодни бошлашига қўлдан келганича ёрдам берганман. Бу менинг акалик қарзим ва фарзим эди. Сингилларимни яхши кўраман, доим уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламан, — дейди хонанда.
“Онам ҳамиша танқид қилади”
Хонанда энг биринчи танқидчиси онаси эканлиги ва уни қайси иши учун кўп танқид қилиши ҳақида гапирди.
— Онам санъатни жуда яхши тушунади, шунинг учун ҳам энг биринчи танқидчимиз унинг ўзи. Менга “Кўп қочирим қиласан, бемаза қочиримлар тингловчига ёқмайди”, дейди. Таниш укаларим онамнинг “Қўшиғингда BQ кўп экан”, деган гапларини эшитиб ҳайрон бўлган ва бу мусиқий термин нима маънони англатишини сўрашган. “Бу ҳеч қандай термин эмас, бемаза қочирим сўзларининг қисқартмаси”, деганимда кулишганди. Онамнинг танқидларига қулоқ солиб ҳеч қачон кам бўлмаганман, — дейди хонанда.
“Боғимдан фақат ўз эҳтиёжим учун фойдаланаман”
— Очиғини айтсам, деҳқончилик ва боғдорчиликка қизиқмайман. Аммо шаҳардан ташқарида боғ ташкил қилганмиз. Чунки ижодкор аҳли ҳамиша сокин, баҳаво жойга бориб, ижод қилишни истайди. Шу мақсадда шаҳардан чеккароқда ер олиб, 5-6 тупдан турли мевалар ва бодом кўчатларини эктирганман. Ёз кунлари у ерга бориб, ҳордиқ чиқарамиз. Табиат қўйнида яратилган ижод маҳсули ҳам гўзал бўлади. Мисол учун “Майли телба денглар” қўшиғи ҳам айнан ўша боғда яратилган. Дарахтларга боғбон йигит қарайди, у ердан катта даромад олмаймиз. Аммо ёзда мазали мевалар дастурхонимиздан аримайди, — дейди хонанда Отабек Муҳаммадзоҳид.
Отабек Муҳаммадзоҳид оиласи ҳақида гапиришни унчалик истамайди. Бизга маълум бўлгани шуки, унинг уч қиз ва бир ўғил фарзанди бор. Икки йил аввал у тўнғич қизини турмушга берган.
Изоҳ (0)