Фариддин Насриев Ўзбекистоннинг Эрондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди. “Дунё” агентлигининг ёзишича, янги элчи Эрон президенти Иброҳим Раисийга ишонч ёрлиқларини топширган.
Расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Эрон президенти сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сиёсат, парламентлараро алоқалар, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар соҳаларида ҳар томонлама изчил ривожланиб, янги даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этган.
Шунингдек, Ўзбекистон—Эрон етакчиларининг сиёсий иродаси, самарали саъй-ҳаракатлари ҳамда олий даражадаги музокаралар натижасида икки томонлама муносабатлар янада ривожлантиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланган.
“Эрон президенти Ўзбекистон элчисига масъулиятли ва шарафли фаолиятида муваффақиятлар тилади ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди”, — дейилади хабарда.
Фариддин Насриев тайинловга қадар у 2018—2023 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллигига раҳбарлик қилган. Инглиз, француз, рус ва форс тилларида гаплаша оладиган Фариддин Насриев 2015—2023 йиллар давомида Теҳрондаги элчи лавозимида ишлаб келган Баҳодир Абдуллаевнинг ўрнини эгаллаган эди.
Изоҳ (0)