Шерзод Абдуназаров Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Шерзод Абдуназаров 41 ёшда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Таҳлил ва прогнозлаш олий мактабини тамомлаган.
2007 йилдан буён у Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (ҳозирги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги) ва Ташқи ишлар вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаб келган. Тайинловга қадар ушбу бош консулликда 1-котиб лавозимида ишлаб келаётганди.
Истанбулдаги бош консулликка 2020–2023 йилларда раҳбарлик қилиб келган Амирсаид Агзамхўжаев 2023 йилнинг ноябрида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси этиб тайинланганди.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг мазкур бош консуллиги округи таркибига Туркиянинг Истанбул шаҳри, Ойдин, Баликесир, Билежик, Бурса, Измир, Кожаели ва бошқа вилоятлари, шунингдек, Болгария ва Руминия киради.
Изоҳ (0)