Хитой жануби-ғарбидаги Юннан провинциясида 47 киши кўчки остида қолиб кетди. Сел ва тошлар орасидан саккиз кишининг жасади топилди, қолганларнинг тақдири ҳозирча номаълум. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин барча зарур ресурсларни жалб қилган ҳолда кенг кўламли қутқарув операциясини ўтказишни буюрди. Бош вазир ўринбосари Чжан Гоцин қидирувга шахсан раҳбарлик қилиш учун ишчи гуруҳ билан фожиа жойига борди.
Кўчки маҳаллий вақт билан 22 январь соат 06:00 да тоғли Чжаотун ҳудудида содир бўлган. Қиш вақтида у ерда ҳаво ҳарорат нолдан пастга тушади ва одамлар музлаган тош қатлами остида қолган.
“Жуда кучли шовқин бўлди ва ер зилзила бўлгандек силкинди”, — деди жабрланган қишлоқ аҳолисидан бири журналистларга. Яна бир маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, кўчки пайтида уйларда асосан болалар ва қариялар бўлган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган воқеа гувоҳлари тасвирларида қорли тоғ чўққилари фонида қутқарувчилар вайроналар устида ишлаётгани акс этган. Юннан провинциясида кўчки ва сув тошқинлари тез-тез содир бўлади. 2013 йил январида ўша ҳудуддаги бошқа қишлоқда кўчки оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)