Тошкент метрополитени ижтимоий тармоқларда тарқалган поезд вагонларининг бирида ёритиш қурилмалари ўчиб қолгани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 15 январь санаси соат 11:51 лар атрофида “Дўстлик” бекатидан ҳаракатланаётган 42-сонли ҳаракат таркибининг 4-вагонидаги электр билан таъминловчи ҳимоя автоматида техник носозлик ҳолати кузатилган ва бунинг натижасида вагоннинг асосий ёритиш чироқлари ўчиб қолган.
Ҳаракат таркиби сўнгги бекатга борганидан сўнг, машинист томонидан керакли чоралар кўрилган ва ёритиш тизими қайта тикланган.
“Бу ҳолат поездлар ҳаракатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Келтирилган ноқулайлик юзасидан йўловчилардан узр сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Октябрь охирларида Тошкент метрополитенининг “Шаҳристон” метро бекатида поезд таркиби техник носозлик сабаб тўхтаб қолганди. Ноябрь бошларида эса Тошкент метросида унутиб қолдирилган буюм яна поездларнинг кечикишига сабаб бўлаётгани айтилган эди.
Изоҳ (0)