Россиянинг Пенза вилоятида йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган етти нафар ўзбекистонлик Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида олиб келинади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тегишли топшириқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан берилган. Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Мудофаа вазирлигининг махсус самолётида вафот этган ва жабрланган фуқароларни ватанга олиб келиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Россиядаги ЙТҲ
11 январь куни Пенза вилоятида JAC русумли микроавтобус қарама-қарши йўлга чиқиб кетиши оқибатида Volvo юк машинаси билан тўқнашди. Микроавтобус ичида жами 9 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Уларнинг 7 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 2 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Россия масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда кўмак бермоқда.
Изоҳ (0)