“Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар учун, 2024 йил 1 июлдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилмоқда.
Ҳужжат билан Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ахборот тизимида электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштиришда техник носозликлар юзага келганда, товар-транспорт юк хати қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Бунда техник носозликлар бартараф этилгандан сўнг 5 календарь куни ичида қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан товар-транспорт юк хати электрон шаклда ахборот тизимига киритилиши шарт.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни киритган ҳолда расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хати билан юкларни ташиш — сохта ҳужжатлар бўйича ташиш ҳисобланади ҳамда қонунчилик ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Расмийлаштириш қуйидагича амалга оширилади:
- юк жўнатувчи электрон товар-транспорт юк хати иштирокчилари, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб, ERI билан тасдиқлайди;
- оператор электрон товар-транспорт юк хатига ID ва QR кодларини бириктириб, уни низом талабларига мувофиқлигини текширади;
- юкни етказиб беришга масъул шахс ўзига тегишли маълумотларни текширади ва юклар қабул қилганлигини ERI билан тасдиқлайди;
- юқни қабул қилувчи ўзига тегишли маълумотларни текшириб, келиб тушган электрон товар-транспорт юк хатини юк қабул қилиш жараёнида ERI билан тасдиқлайди ёки сабаби кўрсатилган ҳолда тасдиқлашни рад этади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 26 декабрдан кучга кирди.
Аввалроқ Ўзбекистонда айрим солиқ имтиёзлари тўрт йилга узайтирилгани, мамлакатда ҚҚС бўйича айрим имтиёзлар бекор қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)