Тошкент вилояти ҳокимлиги Тошкент туманида жойлашган хонадонларнинг бирида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 1 январь куни соат 18:18 да Тошкент тумани “Олтинтепа” маҳалласи Забардаст-5 кўчасида жойлашган 11-уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан ёнғин жойига 4 та ёнғин ўчириш экипажи жалб этилган. Экипажлар соат 18:21 да етиб борган. Ёнғин 70 квадрат метр майдонга тарқалган.
Қутқарувчиларнинг саъй- ҳаракатлари натижасида ёнғин соат 18:45 да ўраб олиниб, соат 19:25 да ўчирилган. Хонадоннинг 150 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
“Ёнғин сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ёнғин оқибатидан ҳалок бўлган ва тан жароҳати олганлар йўқ, уйнинг том қисми ва ромлари бутун қолган. Ҳозирги вақтда ёнғин оқибатларини бартараф қилиш мақсадида маҳалла аҳолиси, қўни-қўшнилар томонидан ҳашар ишлари ўтказилмоқда”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган қурилиш биносида ёнғин содир бўлганди. Ундан олдинроқ эса Навоий вилояти Учқудуқ туманида жойлашган спорт мажмуасида йирик ёнғин юз бергани тўғрисида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)