Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Исроил расмийларининг ўнлаб гаровга олинганларни озод қилиш эвазига бир ҳафта муддатга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги таклифини рад этди. Бу ҳақда Миср расмийларига таяниб, The Wall Street Journal хабар берди.
WSJ суҳбатдошларининг даъво қилишича, Исроил гаровга олинган 40 кишини озод қилишга интилган. Бунинг эвазига, Ғазо секторидаги қуруқлик ва ҳаво операцияларини бир ҳафтага тўхтатиб, фаластинликларга гуманитар ёрдам етказилишига рухсат беришни таклиф қилган.
Музокаралар Ғазо секторида фаолият юритувчи иккинчи энг кучли Фаластин гуруҳи — “Исломий жиҳод” вакилларини ўз ичига олиши керак эди. Улар Исроилни музокаралар бошланишидан олдин урушни тўхтатишга даъват қилди. Шунингдек, Исроилдан Ғазо секторида гаровга олинган 100 дан ортиқ киши эвазига “Исломий жиҳод”нинг барча иштирокчиларини, яъни бир неча минг кишини қамоқдан озод қилишни талаб қилди.
Ғазо секторида, декабрь ойи бошида хабар қилинганидек, 137 киши гаровда қолмоқда. ҲАМАС раҳбари Исроил билан гаровга олинганлар бўйича келишув фақат “ҳамма учун ҳаммаси” формуласи асосида ва тўлиқ ўт очишни тўхтатгандан кейин мумкинлигини билдирди.
Изоҳ (0)