Наманган вилоятида 98 та жаримани тўламай юрган ҳайдовчининг Tracker’и жарима майдончасига жойлаштирилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ жарималарини тўламаётган ҳайдовчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, куни кеча ўтказилган тадбирда 98 та жаримаси бор Tracker автомобили вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.
Маълум бўлишича, мазкур автотранспорт ҳайдовчиси жарималарни 60 кун ичида тўламаган, шундан сўнг ҳужжатлар Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Давлат ижрочиси томонидан ҳайдовчига қарздорликни бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган, яъни уяли рақамларига SMS юборилган. Бир неча маротаба гаплашилган ҳам. Лекин ҳайдовчи қарздорликни тўлаш ўрнига машинасини ҳайдаб юрган. Тошкент шаҳрида тўхтатилиб, махсус планшет орқали кўрилганда жарима тўланмагани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, умумий қарздорлиги 36,3 миллион сўмни ташкил қилган Tracker вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.
Изоҳ (0)