Тошкент супермаркетларида Покистондан олиб келинган жорий мавсумдаги мандаринларнинг биринчи партияси сотувда пайдо бўлди, деб хабар беради EastFruit.
Таъкидланишича, Ўзбекистон пойтахтидаги дўконларда сотилаётган Покистон мандаринларининг ўртача нархи 1 килограмм учун 12,5 минг сўмни ташкил этмоқда. Бу мамлакатда бошқа давлатлардан етказиб бериладиган мандаринлардан 1,5 баробарга арзон демак.
Покистон Ўзбекистон бозорига ушбу маҳсулотнинг энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади. Сўнгги бир неча йил давомида мамлакат ўзбек бозорига мандарин етказиб беришни кўпайтириб, бозордаги улушини ошириб олди.
2019 йилдан 2022 йилгача Покистон томонидан импорт қилинган мандаринлар ҳажми 56 фоиздан 80 фоизгача кўтарилган бўлса, Хитойнинг улуши 37 фоиздан 9 фоизга тушиб кетган.
2020 йилда коронавирус пандемияси даврида кузатилган пасайишдан кейин Ўзбекистонда мандарин импорти ҳажми нафақат қайта тикланди, балки сезиларли даражада ошди. Ушбу маҳсулот импорти 2022 йилда анча ошган — ўтган йили мамлакатга 63,6 минг тонна мандарин импорт қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг январь—ноябрь ойларида Ўзбекистон 12 та хорижий давлатдан қиймати 11,4 миллион долларга тенг бўлган мандарин импорт қилган. Энг кўп мандарин импорт қилинган давлатлар рўйхатида Покистон биринчи, Туркия иккинчи ўринда — 3,6 минг тонна. Мамлакатдан ноябрда 500 тонна мандарин олиб келинган.
Изоҳ (0)