“Ўзгидромет” тезкор гидрометеорологик ахборот эълон қилди.
Унга кўра, 9—14 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига шимолдан босқичма-босқич совуқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда.
9 декабрь куни республиканинг марказий ва шарқий вилоятларида, 10 декабрда шимолий ва чўл ҳудудларида, 11 декабрда республика бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида кучли бўлади.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб боради ва 12—14 декабрь кунлари кечаси 10-13 даража, кундузи 5-8 даража совуққача, шимолда кечаси 17-20 даража, кундузи 9-12 даража совуққача пасаяди.
Жаҳон прогноз марказларининг дастлабки ҳисоб-китоблари асосида Урал ва Ғарбий Қозоғистон орқали Россиясининг шимолий Европа ҳудудларидан 9—10 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига, 11—12 декабрда эса бутун республика ҳудудига жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши маълум қилинганди.
“Ўзгидромет” кескин совуқ янги маълумотлар билан тасдиқланса, “Фавқулодда гидрометеорологик маълумот” махсус хабари билан эълон қилинишини билдирганди.
Изоҳ (0)