Фарғона вилоятидаги оҳак ишлаб чиқариш цехи 1 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, “Ўзэнергоинспекция” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида ўтказган назорат тадбирларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаган.
Хусусан, Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи Р.Й.га қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехи тармоққа ноқонуний равишда, табиий газ ҳисоблагичсиз уланиб, давлат манфаатларига 1 миллиард сўмлик зарар етказгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Фарғонада оҳак цехини умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 168,5 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган шахс аниқланган эди. Шунингдек, Наманган шаҳрида оҳак пишириш хўжалиги 4 миллиард сўмдан ортиқ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани, Жиззахда оҳак ишлаб чиқариш цехи 330 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)