Мьянма президенти вазифасини бажарувчи Минт Шве мамлакат парчаланиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда Dessan Herald хабар берди.
Мьянма расмийларига кўра, агар ҳукумат Хитой билан чегара яқинидаги ҳукуматга қарши кучлар коалициясининг олға силжишини қайтаришга қодир бўлмаса, мамлакат қулаши мумкин.
“Агар ҳукумат чегара ҳудудлардаги воқеалар билан самарали кураша олмаса, мамлакат бўлиниб кетиши мумкин”, — дейди Минт Шве.
ОАВнинг эслатишича, Хитой билан чегарадош Шан штатида деярли икки ҳафтадан бери жанглар кечмоқда. Ҳужумни Аракан армияси, Таанг миллий озодлик армияси ва Мьянма миллий демократик альянси армияси амалга оширмоқда. Уларнинг вакиллари қуролли гуруҳлар Мьянма армиясининг ўнлаб постларини эгаллаб олгани, Мьянма ва Хитой ўртасидаги асосий савдо йўлларини узиб ташлаганини айтган.
Ўтган ҳафта охирида Хитой Ташқи ишлар вазири Нун Жун Мьянма пойтахти Нейпидога ташриф буюрди. Шундан сўнг Хитой ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Мьянма расмийларини икки давлат чегарасида хавфсизликни кучайтириш учун ҳамкорлик қилишга чақирди.
Хитой ТИВ Мьянмадаги можарода қатнашаётган томонларни урушни тўхтатишга ва Хитой билан чегарадош ҳудудлар аҳолиси, шунингдек, Мьянмадаги хитойлик ходимлар хавфсизлигига хавф солмасликка чақирди.
Изоҳ (0)