Ғазо сектори шимолидаги Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг ерости туннелларига “кириш нуқталари”ни топди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучларига таяниб, Washington Post хабар берди.
“Исроил мудофаа кучлари Ғазо шимолидаги оператив ҳаракатлар давомида кўплаб кириш нуқталарини аниқлади”, — дейилади армия баёнотида.
Таъкидланишича, Исроил армияси Ғазо секторига чуқур кириб борди ва шаҳарни секторнинг қолган қисмидан узиб қўйди. Исроил зирҳли машиналари шимоли-ғарбдан тахминан тўрт миля (6,5 километр) масофани босиб ўтиб, тахминан Аш-Шати қочқинлар лагерига етиб боргани айтилмоқда.
Шу билан бирга, Ғазонинг шарқий жанубидан ҳаракатланаётган қўшинлар ҳам тахминан тўрт миля масофани босиб ўтган ва шаҳарни жанубдан узиб қўйган.
Ўтган ҳафтадан бери Исроил армияси Ғазо секторида қуруқликдаги операцияларни кенгайтирди. Улар ҲАМАСнинг ўнлаб жангариларини йўқ қилгани ва Ғазо секторидаги ҲАМАС инфратузилмасини вайрон қилганини билдирди.
Фаластиннинг WAFA агентлиги хабар беришича, Исроил армиясининг ҳужумлари оқибатида 9400 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ва 25 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Изоҳ (0)