- Давлат: АҚШ
- Жанр: драма, триллер, фантастика, жангари
- Ишлаб чиқарилган йили: 2007
- Режиссёр: Френсис Лоуренс
- Актёрлар: Уилл Смит, Алиси Брага, Салли-Ричардсон-Уитфилд
- Слоган: “Ер юзидаги сўнгги одам ёлғиз эмас!”
- Мукофотлар: “МTV-2008” ва “Сатурн-2008” (Энг яхши эркак роли учун)
Бутун бошли шаҳар аҳолиси қирилиб, битта ўзингиз қолиб кетсангиз яшаб қолиш учун нима қилган бўлардингиз? Умуман, яшаб қолишга ҳаракат қилармидингиз ўзи? Менимча, катта эҳтимол билан менга ўхшаб қўрқув ва охири йўқ ёлғизликдан телбага айланиб қолардингиз. Аммо Уилл Смит ижро этган қаҳрамон бу кўйга тушмаслик учун инсонга ато этилган ироданинг бор қувватини сарф этиб, бу инсониятга қирғин келтирган балони деярли енгиб ўтади. Нимага деярли дедим, чунки…
“Мен афсонаман” (“I аm legend”) фильмининг кинотеатрдаги версиясида илгари сурилган ғояси (Ие, айтганча, режиссёр бу кинони иккита версияда суратга олганидан хабарингиз борми? Кинотеатрдаги версиядан унча кўнгли тўлмаган режиссёр ўзининг версиясини ҳам ишлаган ва ўша версия нисбатан мантиқий якун топган) шу фильм яралишига замин яратган роман хулосасига нисбатан бир оз бошқача талқин қилинган. Бу асл романни ўқиганларнинг норозилигига сабаб бўлди, шу билан бирга китобни ҳали ўқимаганлар орасида саволлар туғдирди. Хўш, бу даҳшатли цивилизацияда касалланганлар махлуқ эдими, ёки иммунитети кучли бўлган Роберт? Келинг, яхшиси ҳар бирини таҳлил қилиб, фильмнинг охиридаги иккала версияга тушунтириш бериб ўтишга ҳаракат қилиб кўраман.
Сюжет расшифровкаси
Аллақандай номаълум касаллик глобал фалокатни келтириб чиқаради, кўп ўтмай бу вирус ердаги одамларнинг тўқсон фоизини қириб юборади. Атиги бир фоиз (12 миллион) аҳолигина омон қолади, қолган 500 миллион одам эса ҳақиқий зомбига айланади. Уч йил ўтгач, Нью-Йорк шаҳри бутунлай одамларсиз ҳувуллаб қолади. Бу ерда фақат битта одам жон сақлаб қолган холос. Унинг исми Роберт Невилл. Эпидемиядан олдин у ҳарбий вирусолог эди. Энди у кўчаларда юриб, шаҳарда худди ўрмондагидек эркин ўтлаётган кийикларни овлайди, уйларда қолган озиқ-овқат захираларини тўплайди ва вирусга қарши давони тезроқ топиш мақсадида ҳайвонлар ҳамда касалланган одамларда тажрибалар ўтказади.
Роберт ҳар куни бир хил вақтда радио орқали бошқа соғ қолган одамлар билан боғланишга ҳаракат қилади, аммо ҳеч ким жавоб бермайди. Мантиқан у ягона одам эмас, чунки атрофида илгари одам бўлган миллионлаб зомбилар тўдаси бор ва улар ҳар доим қонга ташна. Организми вирус томонидан бутунлай барбод қилинган бу йиртқичлар фақат тунда кўчаларга чиқишади, чунки ултрабинафша нурланиш улар учун ҳалокатли.
Одамларсиз ёввойи табиатнинг бир қисмига айланиб кетган бинолар, майдонлар-у кўчалар саҳнаси билан бир вақтда томошабинларга фалокат қандай содир бўлганлиги ва қаҳрамон оиласини қандай йўқотганлиги ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор флешбеклар намойиш этилади: унинг рафиқаси ҳамда кичкина қизи вертолётда Нью-Йоркдан чиқиб кетмоқчи бўлганларида портлаб кетишади.
Сэм
Робертнинг ягона ҳамроҳи — қизалоғи ўлимидан олдин унга топширган Сэм лақабли овчарка. Сэмнинг (Саманта исмининг қисқартирилгани) эгасига фойдаси кўп тегади. Ҳатто унинг ҳаётини сақлаб қолади. Роберт учун ягона тирик ҳамда яқин мавжудот — шу ит. Аммо Роберт учун бу алоқа шакли камлик қилади, қора ўтмиш ва туманли келажак ҳақидаги ўйларини чалғитиш, аввалгидек нормал ҳаёт кечираётганини ўз-ўзига уқтириш учун (аслида нормал ҳаёт аллақачон изидан чиқиб бўлган, у энди ҳеч қачон қайтмайди) дўконлардаги маникенлар билан “ошно” бўлади. Ҳар бирига исм қўйиб уларга кундалик ташвишлари ҳақида сўзлаб беради.
Шундай кунларнинг бирида у вирусга чалинган зомбилардан бирини қопқонга туширади. Алфа-аёлни лабораториясига олиб келиб, ишлаб чиққан вакцинасининг прототипини унда синаб кўради. Бироқ доимгидек барча ҳаракатлар муваффақиятсиз якунланади.
Роберт ақл-идрокдан маҳрум махлуқотлар деб ҳисоблаган зомбилар кутилмаганда уни ўз технологиясидан фойдаланган ҳолда пистирмага туширишади. Оёғидан осилиб қолган вирусолог қуёш ботишидан бир неча дақиқа олдин уйғониб, тузоқдан базўр чиқади, аммо бир қонсираган зомби томонидан бошқариладиган мутант итлар Сэмни яралайди. У эгасини ҳимоя қиламан деб вирусни юқтиради. Роберт уни ўзи ишлаб чиққан вакцина билан қутқаришга умид боғлайди, бироқ вақт ўтган сари вафодор итнинг юнглари тўкилиб, кўзлари қизариб, ваҳмкор тус ола бошлагач, тўлиқ махлуққа айланмасидан олдин Роберт уни ўз қўллари билан бўғиб ўлдиради.
Бу мудҳиш жудоликдан сўнг Роберт учун ҳамма нарса маълум вақтга ўз қийматини йўқотади. Зомбилардан ўч олиш учун тунда машина билан уларнинг бир қисмини ўлдиради. Бироқ бир ўзи нечтасигаям бас келарди?! Шум тақдирини одамхўрлар қўлига топширар маҳал, улкан прожектор билан бир аёл уни қутқариб қолади ва уйига олиб боради. Маълум бўлишича, аёл радио хабарни эшитган, Роберт ҳар куни тирик қолган одамларни кутаётган жой сифатида кўрсатган қирғоққа келган.
Анна — Худо юборган аёл
Анна исмли бу аёлнинг ўғилчаси ҳам бор эди. Робертнинг одамларга кўникиши учун бир оз вақт керак бўлади — ахир, ўзи каби соғлом фикрлайдиган чинакам одамни кўрмаганига неча йиллар бўлди. Аёл ва боласининг ташқи кўриниши, нималарнидир шошиб-пишиб тушунтиришга уринаётганлари, умуман ҳар бир ҳаракатлари унга ноодатий кўриниб, ўзини ёмон ҳис қилади. Анна Вермонтдаги омон қолганлар колониясига кетаётганини, бунинг учун Роберт унга ёрдам бериши кераклигини таъкидлайди. Роберт эса бундай жой мавжудлигига ишонмайди. Мулоқотга бир оз мослашиб, эркак меҳмонга ўзининг севимли мусиқачиси Боб Марлининг “Афсона” номли альбомини қўйиб беради, “Шрек”ни севиб томоша қилаётган бола билан танишишга уриниб кўради, кўп ўтмай эса аёл билан Худо ҳамда синов хусусида баҳслаша бошлайди. Аёл уларнинг учрашувини илоҳий белги деб билади. Роберт эса ҳаммасига тупурганини, ҳаёт унинг учун аллақачон якун топганини айтиб қичқиради.
Қуёш ботгач, Роберт Анна уни қутқариш учун эҳтиётсизлик қилиб, беихтиёр зомбиларга манзилини кўрсатиб қўйганини тушунади. Кўп ўтмай одамкушлар уларни ўраб олишади. Қаҳрамонлар ҳужум қилган мутантларнинг биринчи тўлқинини қайтаришга муваффақ бўлишади, аммо иккинчиси уларнинг раҳбари билан бирга уйга бостириб киради. Роберт Анна ва унинг ўғлини олиб, лабораториясига беркинади, у ерда тўсатдан вакцина иш берганини, алфа-аёл соғайиб бораётганини кўради.
Икки хил якун
Фильмнинг кинотеатр версияси финалида Роберт Аннага вакцинани беради, сўнг уларни эшик ташқарисидаги жойга яширади, аёлга тонг отгунча чиқмасликни айтади. Ўзи эса лабораторияга кираётган зомбилар бошлиғини граната билан кутиб олади. Роберт касалликка даво топганини, уларнинг ҳаммасини тузата олишини айтади, аммо зомбилар фақат уни ўлдиришни исташади, вирусолог эса гранатани портлатиб, манқуртлар билан бирга ўзини ҳам қурбон қилади. Анна ва унинг боласи Вермонтдаги тирик қолганлар колониясига етиб боришга муваффақ бўлишади. У уларга вакцинани беради. Фильм сўнггида Аннанинг кадр ортидаги гапларидан шуни англаш мумкинки, янги авлод одамлари учун Роберт ҳикояси афсонага айланади.
Режиссёрлик версиясида бошқачароқ. Фильм охирида Роберт зомбилар бошлиғи мустаҳкам, ўқ ўтказмайдиган шишани синдириш учун қайта-қайта урилаверганидан кейин Роберт бир нарсани пайқаб қолади. Ойнада улкан капалак сурати пайдо бўлади. Аннанинг бўйнида эса капалак татуси бор эди. Ниҳоят Роберт буни Худонинг амри, омон қолишнинг белгиси сифатида қабул қилади.
Вирусолог эшикни очиб, етакчига алфа-аёлни топширади. Маълум бўлишича, аёл ва раҳбар бир-бирига жуда яқин. Раҳбар ҳайвонларча бўкириб шотирларига кетишни буюради. Шундай қилиб Роберт тирик қолади ва Анна билан шаҳарни тарк этишади. Ҳозир биз турли хил сайтлардан юклаб олиб кўрадиган “Мен афсонаман” фильми шу икки версиянинг гибриди ҳисобланади. Яъни ундан ҳам озгина, бундан ҳам озгина олинган, аммо ғоя ҳам шунинг ҳисобига чала бўлиб қолган.
Уилл Смит иштирокидаги фильмни асарга мослашиш деб айтиш қийин. Шунга қарамай, унинг сценарийси Ричард Метисоннинг шу номдаги романи асосида ёзилган. Айтганча, Уилл Смит иштирокидаги фильм воқеаларидан кейин яратилган бир нечта қисқа метражли анимацион спин-офлар мавжуд.
Хулоса
“Мен афсонаман” фильмининг ижодкорлари фақат қисман асл манбага эътибор қаратган ва берилиши керак бўлган ҳақиқий ғоядан бир мунча узоқлашиб кетишган. Бу ерда қаҳрамоннинг ёлғизлиги қўйиқ бўёқларда яхши кўрсатилган. Зомбилардаги хавф, уларнинг ҳис-туйғулари, табиатини ўрганиш эса, аксинча иккинчи планга тушиб қолган. Биз Роберт фожиаси, ит садоқати, инсон иродасини кўрамиз, аммо бошқа пост-апокалиптик фильмларда ҳам деярли шундай сценарий-да! Бу кинонинг бошқаларидан ажралиб турадиган характери ҳам айнан зомбиларни ўзлари тарафидан кўрсатиш, Робертни янги эволуцияга аралашмаслиги тузукроқ эканлигини сабаблар билан кўрсатиш эди-ку! Албатта, китобда шундай, аммо, афсуски кинода бу акс этмаган.
Китобдаги “Мен афсонаман” сарлавҳаси ўз маъносига эга эди. Яъни янги эра бошланяпти, Роберт эса бу жараёнга аралашмай, инсоният эволуциясини якунлаб беради — чинакам маънода афсонага айланади.
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)