Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида қалбаки АҚШ долларлари муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Янгиер шаҳар “Абдураҳмон Жомий” МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.А. ва К.Н. исмли шахслар қалбаки 8 370 АҚШ долларини фуқаро А.А.га ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ушланиб, 101 дона 50 доллар, 33 дона 100 доллар ва 1 дона 20 доллар кўринишидаги қалбаки купюралар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ томонидан 400 миллион сўм сохта пуллар 160 миллион сўм ҳақиқий пулларга алмаштирилаётган пайтда қўлга олинганди. Апрель бошларида эса Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида харидор қалбаки пулга iPhone сотиб олгани, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида қалбаки пуллар муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)