Дэниел Редклифф “Гарри Поттер” франшизасида унинг дублёри сифатида ишлаган ва сериалнинг еттинчи қисмини суратга олиш жараёнида бахтсиз ҳодиса туфайли жароҳатланган Девид Холмс ҳақида ҳужжатли фильм суратга оляпти. Фильмга “Девид Холмс: омон қолган йигитча” деб ном берилган. Картинада Редклиффга дублёрлик қилган йигитнинг ноодатий ҳикояси ва улар ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ҳақида сўз боради. Фильм Холмс, унинг дўстлари, яқинлари, шунингдек, Дэниел Редклиффнинг ўзи иштирокидаги суҳбатлардан иборат.
Ҳужжатли фильм устида америкалик киноижодкорлардан ташқари Британиянинг Sky студияси ҳам ишламоқда. Картина тақдимоти 15 ноябрь кунига режалаштирилган.
Девид Холмс асосий қаҳрамоннинг дублёри бўлишдан ташқари, франшизанинг биринчи 2 та қисми — “Гарри Поттер ва ҳикматлар тоши” (2001), шунингдек, “Гарри Поттер ва махфий ҳужра” (2002)да Слизерин ўқувчиси Эдриан Пюси образини ҳам ижро этган.
2009 йили суратга олиш майдончасида фильмдаги кадрлар учун керак бўлган портлаш уюштирилган. 27 ёшли Холмс айнан мана шу портлаш вақтида юқоридан пастга тушиб кетган ва умуртқа поғонаси лат еган, танасининг кўкрак қафасидан пастки қисми фалаж бўлиб қолган.
Изоҳ (0)