Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 13-октябр куни амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, саммит тадбирлари давомида МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, инновациялар, рақамлаштириш, транспорт, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади. Йиғилиш якунида Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига доир қатор битим ва қарорларни қабул қилиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 26 январь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига борганди. Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон—Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.
Июнь ойида эса Ўзбекистон президенти Чўлпонота шаҳрида “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида иштирок этган эди.
Изоҳ (0)