Дубай шаҳрида Нуф Ал Мазруи исмли аёл одам ўғирлашнинг олдини олишга муваффақ бўлди.
У тушлик танаффус пайтида ресторан ташқарисида буюртмани олиб келишларини кутиб турганда, бир эркакни машинага куч билан ўтказмоқчи бўлган икки шахсни кўриб қолди. Нуф Ал Мазруи уларга танбеҳ берган, лекин номаълум шахслар ҳаммаси жойида эканлигига аёлни ишонтириб, тезда воқеа жойини тарк этишган.
Бироқ аёл уларга ишонмай, машинанинг давлат рақамини эслаб қолиб, дарҳол полицияга қўнғироқ қилди. Бир неча дақиқадан сўнг Йўл-патрул хизмати Дубай кўчаларида мазкур машинани тўхтатди: маълум бўлишича, жиноятчилар бир одамни ўғирлаб кетишган ва ундан пул ундиришга ҳаракат қилишган. Жабрланувчи қўрқиб кетганидан ёрдам чақиришга ҳам уринмаган.
Дубай полиция бўлими раҳбари Ал Мазруининг тезкор ҳаракатлари эркакнинг ҳаётини сақлаб қолганини қайд этди.
“Ал Мазруининг ҳушёрлиги ва қатъияти гумондорларни қўлга олиш ва жабрланувчини қутқаришимизга ёрдам берди. Биз амирлик хавфсизлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси учун ундан миннатдормиз”, — деди Дубай полицияси генерал майори Абдулла Ал Маасам.
Аёл полицияга таклиф қилиниб, ҳушёрлиги учун миннатдорчилик билдирилди ҳамда фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Изоҳ (0)