АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, Эрон Исроилдаги уруш борасида ўз ҳаракатларидан эҳтиёт бўлиши керак. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Байден бу мавзуда Америка яҳудийлар жамияти етакчилари билан давра суҳбатида гапирган.
Унинг таъкидлашича, Эрон Америка ҳарбий кемалари ва самолётларининг Исроил қирғоқлари яқинига жойлаштирилишини “эҳтиёт бўлиш” белгиси сифатида кўриш керак.
“Биз эронликларга аниқ қилиб айтганмиз: эҳтиёт бўлинг”, — таъкидлади Байден.
Аввалроқ АҚШ ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми туфайли ўзининг самолёт ташувчи кемалар гуруҳини Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмига жўнатган эди.
Байден ҲАМАС томонидан Исроилга уюштирилган ҳужумларини “террорчилик ҳаракати” деб атаган ва Исроил жавоб беришга “тўлиқ ҳақли” эканини таъкидлаган.
АҚШ президенти ҳар қандай учинчи давлат ёки ташкилотни Фаластин ва Исроил ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан фойдаланишга уринишдан қайтишга чақирган.
Теҳрон ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужумини қўллаб-қувватлаган ва бу ҳаракатларни “босқинчилар”га қонуний қаршилик деб атаган. Аммо Эрон ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумини режалаштириш ёки уни амалга оширишга алоқадорлигини рад этган.
Изоҳ (0)