Америка Қўшма Штатлари бир вақтнинг ўзида Украина ва Исроилга ёрдам бериш учун етарли ресурсларга эга.
Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилган.
“Биз ҳар икки мамлакатни самарали қўллаб-қувватлаш учун етарли бўлган ресурслар, воситалар ва имкониятларга эгамиз, деб ҳисоблаймиз”, — деди у.
Салливан, шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти яқинда Украина ва Исроилга ёрдам пакетини Конгресс маъқуллаши учун тақдим этишни режалаштираётганини тасдиқлади. Бироқ маслаҳатчи бу бўйича тафсилотларга тўхталмади.
Шунингдек, Жейк Салливан Украинага ёрдам ҳозирда АҚШ манфаатларига мос келишини, агар Россия бу урушда ғалаба қозониб, Европанинг бошқа мамлакатларига ўз тажовузкорлигини ёйиш имкониятига эга бўлса, ҳозиргидан кўра кўпроқ ресурслар талаб қилинишини яна бир бор таъкидлади.
ҲАМАС гуруҳи 7-октябр куни Исроилга ракета зарбалари беришни бошлаганидан кейин АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг қўшимча ҳарбий ёрдам бўйича сўровини қаноатлантириб, бу борада қарор қабул қилгани хабар берилганди.
Изоҳ (0)