Бельгия ҳукумати 2025 йилда бир нечта F-16 қирувчиларини Украинага топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Людивин Дедондер RTL телеканали эфирида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Бельгия шунингдек, украиналик учувчиларни ўз ҳудудида, Дания ва, эҳтимол, Европа Иттифоқининг бошқа давлатида ўқитишни давом эттиради. Бундан ташқари, Бельгия ҳукумати Украинага бериладиган F-16 қирувчиларининг тўлиқ паркига хизмат кўрсатишни таклиф қилади.
Дедондер бу ҳақда Брюсселдаги НАТО мудофаа вазирларининг учрашуви ва Украинага қурол етказиб бериш бўйича алоқа гуруҳи йиғилиши олдидан баёнот берди.
11-октябр куни эрталаб Украина президенти Владимир Зеленский эълон қилинмаган ташриф билан Брюсселга келди. У НАТО мудофаа вазирларининг учрашувида қатнашади.
Август ойида Нидерландия ва Дания украиналик учувчилар учун тренингни тугатганидан сўнг, 60 дан ортиқ F-16 қирувчи самолётларини Украинага топширишини маълум қилганди. Норвегия ҳам Киевга самолётларни ваъда қилган.
Изоҳ (0)