Шавкат Мирзиёев Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад ал-Соний таклифига биноан 1—2-октябр кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши ҳамда “Expo Dоха—2023” — “Яшил саҳро, янада яхши атроф-муҳит” халқаро кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этиш кўзда тутилган.
Бўлажак музокараларда етакчилар Ўзбекистон—Қатар ҳамкорлигининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.
Давлат ташрифи якунида турли соҳалардаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Самарқандда Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад ал-Соний музокаралари бўлиб ўтганди. Музокаралар якунида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 15 та ҳужжат имзоланган.
Изоҳ (0)