Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Теҳронда бўлиб ўтган Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аэрокосмик кучлари кўргазмасига ташриф буюрди. Унга Эрон ҳарбий-саноат мажмуаси маҳсулотлари намойиш этилди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлиги хабар берди.
Кўргазма давомида Шойгу ракета қуроллари, дронлари, шунингдек, Эронда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан танишган. Тадбирда “аэрокосмик саноатининг ютуқлари”, жумладан, Эрон дронларининг сўнгги моделлари, шунингдек, Америкада ишлаб чиқарилган “қўлга олинган” дронлар тақдим этилган.
Шойгу бошчилигидаги Россия делегацияси 19 сентябрь куни Эрон ҳарбий раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш учун Теҳронга етиб келди. Ташриф чоғида россиялик вазир Россия-Эрон муносабатлари “янги босқич”га кўтарилаётганини, мамлакатлар ўртасидаги мулоқот “айниқса жадал” ривожланаётганини таъкидлади.
“АҚШ ва унинг Ғарб иттифоқчиларининг қаршиликларига қарамай, режалаштирилган барча тадбирларни амалга оширишни мақсад қилганмиз. Россия ва Эронга нисбатан санкциялар босими ўзининг бефойдалигини кўрсатмоқда, айни пайтда Россия-Эрон ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда”, — деган Шойгу.
Россия ҳарбийлари Украина билан урушда Эронда ишлаб чиқарилган Shahed 131/136 камикадзе дронларидан фаол фойдаланмоқда. Яқинда Россия бу дронларни ўзи ишлаб чиқара бошлади, аммо Эрон компонентларидан фойдаланмоқда.
Изоҳ (0)