Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган Wall Street Journal мухбири Эван Гершковичнинг оиласи Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан уни озод этишда ёрдам сўради. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Гершковичнинг қариндошлари БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олишни текширувчи ишчи гуруҳига петиция юборган.
“Ушбу баёнот Эваннинг ҳибсга олиниши инсон ҳуқуқларининг бузилиши экани ва Россия уни зудлик билан озод қилиши кераклигини тушунтиради. Биз фақат унинг уйига қайтишини истаймиз”, — деди журналистнинг отаси Михаил Гершкович журналистларга.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфильд “ҳеч бир оила ўзи яқинларидан сиёсий пиёда сифатида фойдаланилишини томоша қилмаслиги керак”, деди.
“Президент Путин айнан шундай қиляпти. Россиянинг ҳаракатлари шафқатсизликдан ҳам ошиб кетмоқда. Ва бу халқаро ҳуқуқни бузишдир”, — дея қўшимча қилди у.
Март ойи охирида The Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович Екатеринбургда жосусликда айбланиб ҳибсга олинганди. Апрель ойининг бошидан бери у “Лефортово” тергов изоляторида. 24 август куни Москванинг Лефортово туман суди журналистни ҳибсга олиш муддатини 30 ноябргача узайтирди.
Россия ФХХ маълумотларига кўра, мухбир “Америка томонининг кўрсатмаси бўйича” Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бири ҳақида махфий маълумотларни тўплаган. Meduza хабарига кўра, Гершкович ҳибсга олинишидан аввал “Уралвагонзавод” мудофаа заводи жойлашган Нижний Тагил шаҳрига борган. Гершкович билан бир вақтда яна икки киши —“Уралвагонзавод”да ишлаган нижний тагиллик эр-хотин ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, апрель ойида Гершкович ҳибсга олингани ҳақида биринчи бўлиб гапирган пиар мутахассиси Ярослав Ширшиков ҳибсга олинган. Июнь ойида Ширшиков тергов изоляторидан озод қилинди.
Апрель ойида АҚШ Давлат департаменти Гершковични “ноҳақ ҳибсга олинган” деб эълон қилди, бу уни алмашиш бўйича музокараларга йўл очиши керак эди.
Изоҳ (0)