Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳамда Олмалиқнинг “ОКМК” клуби аъзоси Нодирбек Абдураззоқов фаолиятини Россия Премьер Лигасидаги жамоалардан бирида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда россиялик инсайдер Иван Карпов хабар берди.

Манбага кўра, айни пайтда РПЛда бирорта ҳам ўзбекистонлик футболчи йўқ, бироқ бу ҳолат тез орада ўзгариши мумкин. Карповнинг таъкидлашича, Абдураззоқовнинг Россия чемпионатига ўтиш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, Москванинг “ЦСКА” клуби ҳам ўзбекистонлик иқтидорли футболчи — “Олимпик-Мобиуз” аъзоси Рустам Фоминга қизиқиш билдирган. Маълумотларга кўра, Фомин ўтган йили “армиячилар” йиғинида иштирок этган. Энди эса “ЦСКА” бу трансферни амалга ошириш устида ишламоқда.
Маълумот учун, 2004 йилда туғилган Нодирбек Абдураззоқов 2021 йилдан бери “ОКМК”нинг асосий таркибида тўп сурмоқда. 2023 йилда у қисқа муддатга Яйпанинг “Турон” клубига ижарага берилган. Жорий мавсум футболчи Ўзбекистон Суперлигасида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган. Унинг “кончилар” билан амалдаги шартномаси 2027 йил якунигача мўлжалланган. Transfermarkt портали Абдураззоқовнинг трансфер қийматини 500 минг еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)