Президент қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида давлат хизматларини кўрсатишда аҳолига янада қулайликлар яратилади ва ортиқча сансалорликларга барҳам берилади.
Хусусан, 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳолига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматларини кўрсатишда, шу жумладан, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномалари ва бошқа нотариал тасдиқланган битимларни “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олиш амалиёти йўлга қўйилади ва ариза берувчилардан мазкур ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Шунингдек, 2024 йил 1 мартдан бошлаб нотариал идорага келмасдан, шу жумладан, чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш тартиби йўлга қўйилади.
2022 йил февраль ойида Ўзбекистонда автомобилни аукцион орқали ижарага беришда шартномани нотариал тасдиқлаш бекор қилингани, Ўзбекистонда илк бор нотариал ҳаракат онлайн тарзда амалга оширилгани тўғрисида хабар берилганди. Март ойида эса Ўзбекистонда нотариуслар томонидан ундириладиган тўловларнинг миқдори ўзгартирилган эди.
Изоҳ (0)