Ўзбекистонда олий таълим олиш истагида бўлган абитуриентлар учун яна бир қатор енгилликлар берилмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги “Таълим назорати” канали маълум қилди.
Қайд этилишича, 2023/2024-ўқув йили учун ўтказилган бакалавриатга кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, қуйидагиларга:
- талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларга рўйхатдан ўтишда танланган барча бакалавриат таълим йўналишларидан бирида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти;
- рўйхатдан ўтишда танланган 2, 3, 4- ёки 5-бакалавриат таълим йўналишларидан бирига талабаликка тавсия этилган, бироқ тўплаган балли танланган биринчи бакалавриат таълим йўналишида тўлов-контракт асосидаги ўтиш баллидан паст бўлган абитуриентларга танланган биринчи бакалавриат таълим йўналишига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш имконияти берилди.
Бунда, абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган баллари асос сифатида қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, белгиланган минимал ўтиш балидан (56,7 баллдан) кам балл тўплаган абитуриентларга ҳам биринчи ўқув йилига муайян таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.
Аввалроқ 2023/2024-ўқув йили табақалаштирилган тўлов-контракт (супер контракт) миқдорлари ўтган ўқув йили учун белгиланган миқдорларда ўзгаришсиз қолгани тўғрисида хабар берилганди. 8 сентябрдан эса супер контрактлар учун шартнома бериш бошланган.
Изоҳ (0)