Ўзбекистон 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган президент сайловларини тан олмайди. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда баёнот билан чиқди.
“Ўзбекистон Республикаси дўст Озарбайжон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди, унинг ички ишларига ҳар қандай аралашувни қоралайди ва 2023 йил 9 сентябрь куни Қорабоғда ўтказилган қўштирноқ ичидаги президент сайловларини тан олмайди”, — дейилади баёнотда.
9 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ миллий ассамблеяси (парламенти) 45 ёшли Самвел Шаҳраманянни тан олинмаган республиканинг янги президенти этиб сайлади. Интерфакс хабарида унга парламентдаги 23 депутатдан 22 нафари овоз бергани маълум қилинган. Шахраманян президент лавозимига ягона номзод бўлган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Тоғли Қорабоғдаги президентлик сайловини “Озарбайжон Республикасининг Конститусияси ва қонунлари, халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларини қўпол равишда бузиш” деб атаган. Вазирлик халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзоларини халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ Озарбайжоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қўйилган қадамларга тўғри сиёсий баҳо беришга, шунингдек, Қорабоғдаги “сайлов” деб аталган ноқонуний фаолиятни кескин қоралашга чақирган.
Европа Иттифоқи президентлик сайловини ва сайланган номзодни тан олмаслигини эълон қилган.
Изоҳ (0)