Испаниянинг кўплаб ҳудудларида кучли шамол ва ёмғирлар кузатилмоқда, расмийлар сув тошқини хавфи ҳақида аҳолини огоҳлантирди.
2 сентябрдан бери давом этаётган кучли бўронли ёмғирлар туфайли энг юқори хавф даражаси Мадрид, шунингдек, Андалусия ва Кастилия-Ла-Манча ҳудудларида эълон қилинди. Ўз навбатида, Испания Ички ишлар вазирлиги мамлакатнинг аксарият ҳудудларида табиий офатлар хавфи ҳақида огоҳлантирди.
Мактаб таътиллари тугаб, таътилдан қайтганлар сони кўп бўлишига қарамай, Йўл ҳаракати бош бошқармаси фуқароларни автомобиль ҳайдамасликка ва уйда қолишга чақирди, чунки кўплаб йўллар бутунлай сув остида қолган.
Испаниянинг шимоли-шарқида жойлашган 10 минг аҳолига эга Алканарада ҳокимият кучли сув тошқини хавфи туфайли одамларга уйларини тарк этишни тақиқлади.
Сўнгги 24 соат ичида шаҳарда кучли ёмғирлар қайд этилди, ёғингарчилик миқдори квадрат метрга 215 литрни ташкил қилди. Бундан ташқари, Валенсия ва Барселона ўртасидаги темирйўл алоқалари тўхтатилди, деб хабар берди Renfe темирйўл компанияси.
Сарагосадаги дарада 31 ва 34 ёшли икки эркак сайр қилиш чоғида ҳалок бўлди. Ҳамроҳларининг сўзларига кўра, улар кучли ёмғир натижасида пайдо бўлган сув оқимига тушиб, чўкиб кетган.
Изоҳ (0)