Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 29 август куни Бангладешнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиси Муҳаммад Монирул Исломни қабул қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram’даги каналига ёзиб қолдирди.
“Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Муҳаммад Монирул Ислом жанобларидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини олишдан мамнунмиз. Ўзбекистон ва Бангладеш изчил иқтисодий ўсиш суръатларини кўрсатмоқда, мақсадларимиз муштарак, ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзаро алоқаларни барча соҳаларда жадаллаштиришга тайёр”, — деб ёзади ТИВ раҳбари.
Муҳаммад Монирул Ислом 2020—2023 йилларда Бангладешнинг Тошкентдаги элчихонасига раҳбарлик қилган Муҳаммад Жаҳонгир Алам ўрнини эгаллади.
Янги элчи 48 ёшда. 2001 йилдан бери Бангладеш ТИВ тизимида ишлаб келмоқда. У Тошкентга тайинлангунга қадар ўз мамлакатининг Истанбул ва Нью-Йоркдаги бош консулликларида ишлаган.
Бундан олдин, Фурқат Сиддиқов ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси этиб тайинлангани, Туркманистоннинг янги элчиси Ўзбекистонда иш бошлагани, Малайзиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)