Қаҳвахўр амаки ҳақида икки оғиз
Балзак асарларида улуғворлик кўп деб талашмоқчимасман. Лекин унинг реалистик услуби ўзидан бошқага бўйсунмаслигини тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Тўғри, Стендал асарларининг услуби зўрроқ ва уларда ёрқин нафосат кўп, бироқ Стендал ўз персонажлари ёрдамида фақат ўзининггина ички дунёсини очиб беради. Балзак эса бутун бир олам яратди ва бу олам бир вақтнинг ўзида ҳам унинг даврига, ҳам бошқа ҳамма даврларга тааллуқлидир. Флобер Бовари хоним, Оме, Фредерик Моро, Арну хоним, Бювар ва Пекюше каби бир қанча умрбоқий образларни берди. Бу борада Балзакка ёндашадиган бўлсак уни фақат шаҳар бошқармасига қиёс қилишдан бошқа илож йўқ. Чунки у асарларида икки мингта эркак ва аёлнинг портретини тасвирлаб берди. Балзакшунос олимлар учун уларнинг бари кундалик турмушда ўзлари дуч келиб турадиган одамлардан кўра жонлироқдир.
Балзак ижодининг энг муҳим хусусияти шундаки, у бизга шунчаки жуда кўп роман қолдириб кетгани йўқ, балки унинг романлари бутун бир жамиятнинг тарихидан иборат. Унинг асарларида иштирок этувчи шахслар врачлар, ҳуқуқшунослар, давлат арбоблари, савдогарлар, судхўрлар, зодагон аёллар, сатанглар, қаллоблар бўлиб, улар жилдлардан жилдларга кўчиб юришади. Бу эса Балзак яратган оламнинг қабариқроқ ва ишончлироқ бўлишини таъминлайди. Ҳолбуки, Балзак ўзининг дастлабки асарларини ёза бошлаган чоғларда у ҳали бўлажак улуғвор эпопеясининг (“Инсоният комедияси”ни айтяпман) режасини ишлаб чиққани йўқ эди.
“Горио ота” 1834 йилда яратилган бўлиб, у Балзак юқоридагидай жуда муҳим қарорни қабул қилганидан кейин (Ўша эпопеясини яратишга қарор қилганидан сўнг) ёзилган биринчи романдир.
Биз Горио тўғрисида ҳали гапирамиз, шу Гориодан ташқари яна иккита одам романга улуғворлик бағишлайди, уларнинг иккови ҳам Балзакнинг йигирмата романида иштирок этади ва уларнинг икковларида ҳам муаллифнинг турли қирралари тажассум этган: гап Вотрен лақабли Жак Коллен ва Эжен де Растиняк ҳақида кетмоқда.
Вотрен
Вотрен — исёнкор; жамият уни бир чеккага улоқтириб ташлаган ва у жамиятга қарши уруш эълон қилган. У жамиятга қарши уруш олиб борар экан, ҳеч қанақа воситаларнинг фарқига бормайди. У одамларни икки иштиёқ — икки нафс бошқаришини аниқлаган — булар олтинга муҳаббат ва лаззат иштиёқи. Шуниси ҳам борки, буларнинг биринчиси иккинчисининг оқибати ўлароқ пайдо бўлади. Унинг фикрича, қолган туйғуларнинг ҳаммаси риёкорликдан бошқа нарса эмас. Шу тариқа Вотрен ижтимоий битимнинг ярамаслигини фош қилади. Бу ишда унга қотиллик ҳам, ўғирлик ҳам қўл келаверади. Бу қочқин жиноятчи ўзини бошқалардан кўра ёмонроқ деб ҳисобламайди, фақат бошқаларга қараганда у довюракроқ, холос.
Балзак ўз сифатларидан анча-мунчасини Вотренга берган. Бироқ унинг орзуларини ва у томонидан яратилган персонажларнинг рўёбга чиқарилган хатти-ҳаракатини тенглаштириш мумкин эмас, аксинча, бундай йўл билан у ярамас эҳтирослардан покланишга ҳаракат қилади. Балзак ҳеч қачон Вотрен қилган ишни қилмайди, бироқ у кўнглида Вотренга нисбатан хайрихоҳлик туйғуларини ҳис қилади. У жиноятчи, лекин сотқин эмас. Вотреннинг устидан чақув қиладиган мадмуазел Мишоно Балзакнинг нафратини қўзғайди, Балзакнинг эмас, балки романнинг ҳамма ўқувчилари ҳам ундан нафратланади.
Растиняк
“Горио ота” романида тасвирланганига кўра, Растиняк ўсиб келаётган персонаждир. У гўё ўзида ўсмирлик хаёлотларидан балоғатга етган одамнинг залворли тажрибасига ўтишни тажассум этади. У ҳали жуда ҳам ёш, у чекка вилоятдан Парижга яқиндагина келган ва ҳали бошдан-оёқ эзгу интилишларга тўла. Севимли онаси ва опа-сингиллари унга оилавий муносабатга ва турли-туман фазилатларга теран ҳурматни сингдиришади. Шунинг учун ҳам Вотрен ҳар нима демасин, Растиняк биладики, дунё ҳарқалай, узил-кесил даражада ёмон эмас.
Бироқ Балзакнинг ўзи каби ёнида ҳемири йўқ ҳолатда Реставрация давридаги Парижга тушиб қолган йигирма яшарли йигит синовларга дош беролмайди, чунки бу Парижда муҳаббат-у шон-шавкат бозорга солинар, йигитлар аёлларни восита қилиб мансаб пиллапояларидан кўтарилар, жувонлар эса қариялар ёрдамида ишларини битириб олишар эди. Растинякнинг бирдан-бир сармояси — ёшлик ва ҳусн. Вотрен эса Растинякка бу сармоядан қандай қилиб самаралироқ фойдаланиш йўлларини ўргатади. У Растинякка ўзини жуда яқин ҳис қилади, бироқ бу хайрихоҳлик унинг Люсен де Рюбампрега бўлган хайрихоҳлигидан куфрона эмас — бу даҳшатли одам ана шу куфрона ҳирси сабабидан Люсен де Рюбампренинг хизматига кирган эди. Балзакнинг бутун ижодида бундан кўра жозибадорроқ саҳнани топиш амри маҳол.
“Бу жойларда ўзларига қандай йўл очишлари сизга маълумми? Даҳо нури билан ёхуд пора санъати билан йўл очишади... Ҳалоллик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди... Гаров ўйнаганим бўлсин — сиз Париж бўйлаб икки қадам қўйсангиз, бас, албатта, бирор муттаҳамликка рўпара келасиз. Асл ҳаёт ана шунақа. Ўчоқ бошидан унинг ҳеч қанча афзал жойи йўқ — димоғни ёрадиган қўланса ҳидлар, бирон егулик пишираман десанг, бир зумда қўлинг кир бўлади, кейин унинг кирини яхшилаб ювиб тозаламоғинг керак. Давримизнинг бор-йўқ ахлоқи шундан иборат. Модомики, мен инсонлар жамиятига ана шундай тарзда қарамоқда эканман, менинг бунга ҳаққим бор, мен бу жамиятни биламан. Мени бу жамиятни сўкяпти деб ўйлаяпсизми? Ҳечам-да... У ҳамиша шундоқ бўлиб келган. Ахлоқпарастлар уни ҳеч қачон ўзгартира олмайдилар. Инсон комилликдан узоқ...”
Назарда тутмоқ керакки, Балзак тобора ўзига инсонга қарши ашаддий нафратни сингдириб бораётгандай кўринади. Бундай дақиқаларда у гўё Вотрен сиёқига кираётгандай бўлади. Ҳолбуки, ўзининг табиатига кўра, у ҳам Растинякка ўхшаган юмшоқ одам. Бироқ худди Растиняк каби, деярлик бошқа ҳамма одамлар каби Балзак ҳам мураккаб одам эди. Худди Растиняк каби дўстликнинг қадрига етар, Лора де Берни ёҳуд Зюлма Карро каби олиймақом қалб эгаларининг улуғлиги олдида бош эгарди. Унинг соддадиллик ва навқиронлик руҳи билан суғорилган интилишларини намоён этиш учун “Қишлоқ табиби”ни ўқиб чиқишнинг ўзи кифоя. Бироқ Балзак муҳтожликларга тўлиб-тошган, кишини йўлдан оздирувчи эрмаклари сероб бир тарздаги ҳаётни кечирди, бу ҳаётда у тез-тез ғазаб оташларига ҳам дуч келиб турарди. Табиийки, Балзак ҳам худди Растинякка ўхшаб нима қилиб бўлса-да, бунақа турмушдан халос бўлишни истаган.
Растиняк “Горио ота” романида ҳали жуда тортинчоқ, хижолат чекаверадиган йигит сифатида кўринади. Вотреннинг гапларини тинглар экан, у даҳшатга тушади ва жирканиб кетади. Де Нусинген хонимдан пул олиш зарурияти уни таҳқирлайди. У Максим де Трайга ўхшашни истамайди. У баайни фарзанддай Горио отанинг хизматларини қилади ва ёлғиз ўзи (мулозим Кристофни ҳисобга олмаганда) қарияни сўнгги йўлга кузатиб қўяди. Лекин шундай бўлишига қарамай у таслим бўлади, муҳитга бўйин эгади. Биз Растиняк билан яна қайтадан учрашганимизда, у энди барон, давлат котиб, граф, бир йиллик даромади уч юз минг франкдан ортиқ бадавлат одамга айланади. Эндиликда у “Мутлақ эзгулик деган нарса йўқ, фақат шароит бор” деб даъво қилади. Кўпинча бу персонаж учун Тер нусха бўлиб хизмат қилган дейишади. Дарҳақиқат, Балзак Растиняк образини яратар экан, Тернинг баъзи бир сифатларини олган бўлиши мумкин, лекин ҳаммадан ортиқроқ у ўзининг сифатларини олган. Delfiна де Нусингеннинг ҳузурида ўтирган Растинякнинг туйғуларини, бежирим тикилган либосларни биринчи бор кийиб кўз-кўз қилганда болаларча қувониб суюнишларини, унинг иззат-нафсига ёқиб тушган биринчи муваффақиятларни Балзакнинг ўзи ҳам кўнглидан кечирган — буни у аввал маркиза де Кастри билан дон олишиб юрганларида, кейинчалик эса Ганская хоним билан яқинлик кезларида кечирган.
“Талабалик — синов даврим”
Энг яхши романлар “талабалик” ҳақидаги романлардир. (“Вилгелм Мейстернинг талабалик йиллари”, “Қизил ва қора”, “Девид Копперфилд”, “Йўқотилган вақт изидан”, “Жиноят ва жазо” ва бошқалар) Бу романлардаги романтик кўтаринкилик кўпинча ёшларнинг орзу-умидлари билан шафқатсиз дунё ўртасидаги конфликт ёрдамида вужудга келади. Агар “Горио ота”ни Растиняк образига нисбатан кўздан кечирадиган бўлсак бу роман ҳам “талабалик” ҳақидадир. Унда ёш китобхоннинг кўз ўнгида “йўлдан оздирадиган васвасаларга тўла қаҳри қаттиқ дунё” манзаралари намоён бўлади. Де Boseан хоним Растинякни зодагонлар дунёсига олиб киради. У пайтларда зодагонлар дунёсини Сен-Жермен даҳасида истиқомат қилувчи аслзода хонадонлар ташкил қиларди. Де Ресто хоним эса уни бир оз путури кетганроқ зодагонлар дунёсига олиб киради. (Бундай салонларда кейинчалик Прустнинг баъзи бир аёл қаҳрамонларини учратиш мумкин бўлади) Де Нусинген хоним Растинякка молиячилар ва тадбиркор одамлар дунёсига олиб борувчи йўлни кўрсатади. Худди ана шундай аҳвол ХХ асрда ҳам кўп маротаба содир бўлади. Биз ҳаммамиз бунақа Растинякларнинг биттасини эмас, кўпгинасини яхши биламиз ва унинг Delfiнаси бўлиш қисмати кимга насиб этганини осонгина пайқаймиз.
“Горио мулоҳаза юритмайди, у ҳукм чиқармайди, у севади...”
Горио ота масаласига келадиган бўлсак, у балзакона эҳтирослар деб ҳақли равишда эътироф этилган эҳтиросларнинг асири бўлган одамларнинг энг ёрқин мисолларидан биридир. Бундай эҳтиросларнинг муқаррар тарзда ўсиб бориши уларга қул бўлган шахсларнинг тўла-тўкис емирилишига олиб келади. Буни тасвирлаш Балзак санъатининг характерли хусусиятларидан биридир, Гап Гранденинг хасислиги тўғрисида борадими ёки барон Юлонинг бузуқлиги тўғрисида кетадими, Понснинг очофатлиги-ю мажруҳ майллари тўғрисидами ёки Анриетта де Морсофнинг муҳаббатию Горио отанинг оталарча меҳр-муҳаббати ҳақида борадими, барибир, Балзак албатта, бу эҳтирослар уларнинг қалбини емириб борувчи мудҳиш жароҳатдай зўрайиб боришини ва охир-оқибатда бошқа ҳамма туйғуларни муқаррар тарзда эзиб ташлашини кўрсатади.
Романнинг бошидан биз танишадиган Горио ота бир қарашда ҳали қутулиб кета оладигандай кўринади. Кекса савдогар мол-у мулкининг анча-мунча қисмини қизларига сарфлаб бўлган, энди у Воке пансионида холи ва танҳо ҳаёт кечиради, лекин ҳали ғамлаб қўйганларидан у-бу нарсалар қолган. Балзакнинг нияти шундаки, у ўз қаҳрамонини бир ён беришдан иккинчи ён беришга, бир маҳрумиятдан иккинчи маҳрумиятга олиб ўтар экан, уни тўла-тўкис ҳалокат ёқасига олиб келмоқчи бўлади. Бу ният унинг ҳамма асарларида деярли ўзгармасдан қолади.
Горио ота ҳам Гранде ёки Балтазар ўтган йўлдан боради. Унинг қизларига муҳаббати ўз-ўзича олганда жуда гўзал, бироқ у шу қадар даҳшатлики, алланечук тентакликка айланади. Ҳаддидан ошиб кетган эҳтиросларнинг ҳаммаси шунақа тақдирга эга. Улар ҳеч қандай қонунлар билан — на маънавий, на ижтимоий тартиб-қоидалар билан ҳисоблашишни истамайди. “Горио мулоҳаза юритмайди, — дейди Балзак — у ҳукм чиқармайди, у севади...” У Растинякни яхши кўради, сабабки уни қизи яхши кўради. Қизининг этагини ўпаман деб ялтоқланадиган Горио бизга кекса Грандени эслатади. Эсингизда бўлса керак, роҳиб заҳарланган хочни унинг лабларига яқин олиб борганда, Гранде уни тортиб олмоқ учун даҳшатли ҳаракат қилади. Балзак поэтикаси ана шу мудҳиш рамзларни талаб қилади. Ва ҳар қандай чинакам балзакшунос уларни гап-сўзсиз қабул қилади.
Эҳтиросларга берилиб кетгани учун жамият ҳақида ўйлашни ҳам унутиб юборган марказий персонаж атрофига Балзак иккинчи даражали персонажлар образларини жойлаштиради — жамият ҳаёти айни шу персонажларда тажассум топади, негаки, ҳар қандай роман реал дунё билан мустаҳкам ришталар орқали боғланган бўлмоғи керак.
Айни “Горио ота” романида Балзак томонидан яратилган дунё шу қадар ишончли сифатлар касб этадики, уларни ҳақиқий ҳаётдан фарқлаш қийин бўлиб қолади. Биз бу романда талаба Орас Бяншон билан танишамиз. Кейинчалик эса “Инсоният комедияси”нинг бошқа кўпгина романларида у бизга донг чиқарган доктор сифатида рўпара келади. Шу романнинг ўзида зулмат қаъридан судхўр Гобсекнинг сиймоси кўриниб қолади. Унинг нафис рангсиз лаблари хотирамизга муҳрланиб қолади. Кейинчалик “Гобсек” қиссасида Горио отанинг катта қизи Анастази де Ресто билан тенги йўқ даражада сурбет Максим де Трай ўртасидаги можаролар нима билан тугаганини билиб оламиз. Максим де Трай кўп жиҳатдан Растинякни эслатади, лекин у Растинякка хос бўлган жозибадан маҳрум. “Ташландиқ хотин” бизга Клара де Boseаннинг аламли тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Пок қалбли бу аёлнинг бирдан-бир айби шундаки, у муҳаббатга ҳаддан ортиқ ишониб юборган. Қизлигида Конфлан деб аталган бева Воке, Пуаре ва қари қиз Мишоно масаласига келсак, бу иккинчи даражали образлар шу қадар жозибадорки, уларни унутиб бўлмайди. “Инсоният комедияси”даги ошпаз аёл Силвия ёхуд хизматкор Кристоф каби ҳаракатсиз образлар ҳам биринчи марта кўринишлари биланоқ хотирангизга ўрнашиб қолади. Буларнинг ёнига яна шуни қўшимча қилингки, бу персонажларнинг ҳаммаси худди Пруст персонажлари каби учта ўлчовга эга ва улар роман давомида ўзгариб борадилар. Шуларни кўз олдига келтирсангиз, нима учун бизда ҳамиша муқаррар даражада олдинга ҳаракат қилаётган вақт таассуроти пайдо бўлишини англаб оласиз.
Бироқ…
Ҳид
Бироқ, ана шу тўқиб чиқарилган олам китобхонлар томонидан чин олам сифатида қабул қилмоғи учун уларда ҳаракат қилувчи шахсларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бундан ташқари, декорациялар керак. Декорация бўлганда ҳам театрларникига ўхшамайдиган бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Балзак муфассал тасвирлар ёрдамида ўз романларини жуда пухталик билан тайёрлаб боради. Адабиёт ишида алифни калтакдан ажрата олмайдиган одамлар уларни ҳаддан ташқари батафсил деб ҳисоблашади. Бироқ гап шундаки, фақат ана шунақа муфассал тасвирларгина тўқнашувлар содир бўладиган шароитнинг ҳаққонийлигини вужудга келтиради. Воке пансионининг тасвири ҳам муаллиф мақсадларига хизмат қилади: “Бу ернинг ҳидлари ўзига хос, бизнинг тилимизда уни ифодалаб берадиган сўзнинг ўзи йўқ, лекин буни пансион ҳиди деб атаса маъқул бўлар эди. Унда моғор ҳиди, бўғиқ ҳаво, чириган нарсалар сассиғи бор. Бу ҳид кишининг вужудини жунжуктириб юборади, бир лаҳзада димоғни бўғиб қўяди, кийимларингизга ўрнашиб олади, ҳозиргина нонушта қилинган ошхонанинг бўйи келади. Унда хизматкорлар хонасининг, сайисхонанинг, ўчоқ бошининг бадбўй ҳидлари қоришиб кетган. Деворлар ёнида елимшиқ жавонлар, анжомлар, алмисоқдан қолган, исқирти чиқиб кетган ҳаммаси омонат, бу ерда қашшоқлик салтанати, унда нафосат деган нарсадан нишона ҳам йўқ, бундаги қашшоқлик жуда учига чиққан қашшоқлик...”
Ана шу кишини жиркантирадиган тасвир ёзувчига зарур. У бу билан Горио ота ҳамда Растиняк умргузаронлик қилаётган сап-сариқ, хунук ва исқирт уй билан де Нусинген хоним ёхуд де Ресто хоним истиқомат қиладиган қасрлар ўртасидаги фарқни кўрсатмоқчи. Бу қасрлар гулларга тўла, уларнинг меҳмонхоналари зарҳалланган, хобхоналарида эса худди иссиқхоналардаги гуллардек де Нусинген хоним ва де Ресто хоним яшнаб-яйрайди.
Сиc мундус cреатус эст (Дунё шундай яралган)
Романнинг охири ҳақли равишда машҳур бўлиб кетди. Биз бу ерда Пер-Лашез қабристонида гўрковлар Горио отанинг қабрига белкуракда тупроқ ташлаб бўлиб кетишганидан сўнг Растиняк ёлғиз ўзи қолганини кўрамиз. Йигит Сенанинг қинғир-қийшиқ соҳили бўйлаб ястаниб ётган, баъзи бир уйларида милтираб чироқ кўрина бошлаган Парижга нигоҳ ташлайди. Унинг кўзлари Вандом устунлари билан Майиблар уйининг гумбази оралиғидаги жойга қадалиб қолади. Бу ерда Парижнинг олий табақа тоифалари истиқомат қилади. Эжен бутун борлиғи билан ана шу олий тоифалар дунёсига интилади. У ари уясидай ғувуллаб ётган бу масканни нигоҳидан ўтказар экан, худди ҳозир асал ялаб кўрадигандай тамшаниб, мутакаббирлик билан дейди:
— Қани, энди кўрамиз — ким енгиб чиқаркан — менми ёки сенми?
Шундай деб жамиятга чорловини жўнатгач, “у бошланишига тушлик қилгани Delfiна Нусингеннинг ҳузурига йўл олди”.
Ҳалқа ёпилди, коррупция жараёни хотималанди, сўнгги томчи кўз ёши оқиб бўлди. Растиняк у билан бирга Балзакнинг ўзи ва Балзак билан бирга китобхон ҳам Парижни фатҳ этишга отланишга тайёр. Ҳеч ким ҳеч нарсани қораламайди. Дунё қандай бўлса, шундай. Балзак эса Ален қайд этганидек, ўзига хос яхши ниятларга эга. У қораламайди, у бундан юқори туради. Дунёни қайта кўриш унинг иши эмас, у дунёни тасвирлайди, холос.
Табиатшунос олим турли-туман биологик турлар ўртасидаги ўзаро алоқани тадқиқ қилар экан, мана шундай иқлим шароитида ҳайвонлар дунёси билан ўсимликлар дунёси ўртасида муайян мувозанат майдонга келади деб таъкидлайди ва бу мувозанатни ўз-ўзича яхши деб ҳам, ёмон деб ҳам ҳисоблаш мумкин эмас, унинг тўғрисида фақат у мавжуддир дейиш мумкин, холос, дея хулоса чиқаради. Худди шунга ўхшаш одамлар жамиятини ўрганувчи ёзувчи ҳам бу жамият ўз таркибида муайян миқдорда олий табақа вакиллари, амалдорлар, врачлар, деҳқонлар, текинхўрлар, олифталар, судхўрлар, бадарға қилинганлар, қозилар, зодагон аёллар, меҳмонхона бекалари ва оқсочлар мавжуд бўлгани туфайлигина яшайди ҳамда амал қилади, деб қайд қилади. Жамият шаклини ўзгартиринг — бундан инсонларнинг турлари ҳеч қанақасига ўзгариб қолмайди. Горио отанинг қизлари мутлақо даҳшатли махлуқлар эмас, балки шунчаки қизлар ва рафиқалардир.
“Уларнинг иши кўп, улар кўп ухлашади. Улар келишмайди... Болаларнинг нима эканини фақат ўлаётганингиздагина биласиз, — дейди Горио ота. — Эҳ, дўстим-ей, уйланманг. Бола-чақа қилманг! Сиз уларга ҳаётингизни бахшида этасиз, улар сизга ўлим олиб келишади... Агар мен бадавлат одам бўлганимда, давлатимни уларга бермай, ўзимда сақлаб қолганимда, ҳозир улар шу ерда бўлишар эди, уларнинг бўсасидан икки бетим лов-лов ёнаётган бўларди. Ота, албатта, бадавлат бўлмоғи керак, у фарзандларининг жиловидан қаттиқ ушлаб турмоғи керак — отларни ушлашгандек. Дунё ана шунақа, ёмон кўрилган”.
Ҳа, дунё ёмон кўрилган. Қизлари ташлаб кетган, ўзининг қизлари томонидан ҳалок этилган ота қийналиб, минг азобда жон бераётганининг тепасида турган ёш Растиняк юраги така-пука бўлиб бу даҳшатли манзарани кузатади. “Сенга нима бўлди? — деб сўрайди ундан Бяншон. Ўлгудай рангинг ўчиб кетибди-ку?” Растиняк жавоб беради: “Ҳозир мен шунақа оҳ-у зорларни, қалб фарёдини эшитдимки, қўяверасан! Бироқ, худо бор-ку, ахир! Ҳа, ҳа, худо бор. У бизнинг дунёмизни яхшироқ билади. Акс ҳолда, биз яшайдиган замин бемаъни бир нарса бўлиб қолаверарди”. Бу сўзлар шундан далолат берадики, дунёнинг бемаъни кўрилгани ҳақидаги фикр янги фикр эмас ва Балзак унинг тўғрисида ўйлаб юрган. Бироқ фақат ўйлаб юрган эмас, балки уни рад этган ҳам. Балзак дунёни яхши кўради, ундаги бор нарсаларнинг ҳаммасини, ҳаттоки даҳшатли махлуқларгача яхши кўради. Шунинг учун ҳам Ален Балзакни Стендалга қараганда чинакам меҳр-у шафқатга яқинроқ туради деб ҳисоблаган. Чиндан ҳам Балзак ўз қаҳрамонларининг гуноҳларини фавқулодда осонлик билан кечириб юбораверади. Вотреннинг ўз ҳимояси учун сўзлаган нутқини эшитган бирон кимсада Вотренни яратган адиб унинг гуноҳларини кечиришга тайёр эканига шубҳа қолмайди. Ёзувчи де Нусинген хонимнинг отаси дафн этилиши биланоқ Растинякни унинг ҳузурига тушлик қилишга жўнатар экан, бунда ҳам ўзига хос тарзда гуноҳлардан кечишга интилишни ёки жилла бўлмаса, улар билан муросайи мадора қилишга интилишни кўриш мумкин.
Азизбек Юсупов
Изоҳ (0)