Дунёдаги энг йирик авиаташувчи кема USS Gerald R. Ford Анталияга келди. Бу ҳақда АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари авиаташувчиси 4 500 нафар экипаж аъзоси билан Анталия портига етиб келган.
Туркия порти кеманинг АҚШ денгиз операциялари минтақасидаги (NAVEUR) тўртинчи бекати бўлиб, ташриф АҚШ ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бунга қадар USS кемаси Норвегия, Хорватия, Грецияга тўхтаб ўтган.
Аввалроқ Туркия Ҳарбий-денгиз кучларининг Анадолу, Гўксу, Гедиз, Имбат, Мелтем, Буракреис кемалари ва Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-16, KC-135, P-72 самолётлари Америка кемаси билан бир қатор мувофиқлаштирилган тадбирларни амалга оширган эди.
“Машғулотлар ҳамкорларнинг ўзаро мувофиқлигини ошириш ва Ўрта Ер денгизида хавфсизликни таъминлашга содиқликни намойиш этиш мақсадида ўтказилди”, — дейилади хабарда.
Элчихонанинг таъкидлашича, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Туркия билан мунтазам равишда машғулотлар олиб бормоқда, авиаташувчидан аввал АҚШ Олтинчи флотининг USS Mount Whitney қўмондонлик кемаси Истанбулга, бошқариладиган ракета крейсери USS Normandy эса Аксазга келган.
Изоҳ (0)