Ҳиндистонда экспорт божлари жорий этилиши муносабати билан пиёзнинг жаҳон бозоридаги нархлари ошиши мумкин. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Ҳиндистон дунёдаги энг йирик пиёз экспортчиси бўлиб, жаҳон пиёз савдосининг 12 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Мамлакат ички бозорида бу сабзавотнинг нархи ошиши сабабли пиёзга 40 фоизлик экспорт божини жорий қилди. Таҳлилчилар фикрича, бу чора глобал оқибатларга олиб келиши мумкин.
Янги солиқ ички харидларни таъминлаш ва инфляция даражасини пасайтириш мақсадида жорий этилган. У 19 августда эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга кирди ва 31 декабргача давом этади.
Ҳиндистонда пиёзнинг чакана нархлари йилига тахминан 20 фоизга ошиб, бир килограмм учун ўртача 30,72 рупийни (тахминан 4 500 сўм) ташкил этди.
Ўтган август ойида бир килограмм пиёз 20,44 рупий (салкам 3 000 сўм) бўлган. Нархларнинг ошишига ҳосил етишмаслиги таъсир қилган.
Ноқулай об-ҳаво туфайли Ҳиндистонда помидор нархи аввалроқ 300 фоиздан ошган эди. Июль ойида Ҳиндистон ҳукумати ички талабни қондириш учун оқ гуруч экспортини ҳам тақиқлаган.
Изоҳ (0)